Янги Ўзбекистонда инсон қадри, унинг соғлиги ва ҳаёти ҳар нарсадан устун
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ходимларига йўллаган байрам табриги мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар эътирофи, шифокорларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибор ифодаси бўлди.
Табрикда қайд этилганидек, сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган маблағлар ҳажми 7 баробар кўпайтирилиб, жорий йилда 49 триллион сўмга етказилди. Бу рақам давлат сиёсатида инсон қадри, унинг соғлиги ва ҳаёти ҳар нарсадан устун эканини англатади. Молиявий қўллаб-қувватлаш орқали шифохоналарнинг моддий-техник базаси янгиланиб, энг илғор диагностика ва даволаш технологиялари амалиётга киритилмоқда.
Таъкидланганидек, бирламчи бўғин фаолиятини такомиллаштириш, хусусан, инфаркт, инсульт, онкология ва гематология каби оғир хасталикларни эрта босқичда аниқлашнинг миллий тизими яратилгани минглаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи қадам бўлди. Шунингдек, соҳани рақамлаштириш жараёнлари — DMED электрон тармоғи, «Электрон шифохона» ва электрон рецепт тизимларининг йўлга қўйилгани бюрократияни йўқотиб, фуқароларга ҳам, шифокорларга ҳам катта қулайлик яратмоқда. Бу, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариш билан бирга, шаффофликни таъминлашини билдиради.
Давлат тиббий суғуртаси тизими жорий қилиниб, «Маблағ бемор ортидан боради» тамойилининг жорий этилиши аҳолининг дори-дармон ва даволаниш харажатларини сезиларли даражада енгиллаштирмоқда. Бундан ташқари, тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, олийгоҳлардаги квоталарни кўпайтириш ва резидентура босқичига ўтиш орқали малакали мутахассислар тайёрлаш кўламини кенгайтириш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятига бўлган юксак ишонч ва ғамхўрликни ифодалайди.
Хусусий тиббиёт тармоғининг жадал ривожланиши ва фармацевтика саноатида маҳаллий ишлаб чиқариш кўламининг кенгайгани юртимизда соғлом рақобат муҳити шаклланганидан далолат беради. Бугунги кунда маҳаллий корхоналарда минглаб турдаги дори воситалари тайёрланиб, чет элларга экспорт қилинаётгани иқтисодий ютуқ бўлиш билан бирга, халқимизнинг сифатли ва арзон дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қондиради.
Энг муҳим кўрсаткич сифатида мамлакатимизда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшдан 75,4 ёшга етгани қайд этилган. Бу рақам ортида фидойи шифокорларимизнинг тинимсиз меҳнати, яратилган шароитлар ва тиббиётдаги ижобий ўзгаришлар турибди.
Давлатимиз раҳбарининг табриги барча соҳа вакилларига ҳурмат ва эътибор ифодаси бўлиб, уларни янада фидойилик билан ишлашга илҳомлантиради. Инсон саломатлиги йўлида хизмат қилаётган ҳар бир тиббиёт ходими бугунги кунда жамиятимизнинг энг ҳурматли ва шарафли вакилларидир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА