Янги Ўзбекистон тиббиёти: инқилобий ўзгаришлар ва шифокорлар эътирофи
Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсадлар улкан. Инсон умри, саломатлиги ҳақида гап кетганда, бунинг нақадар муҳим ва долзарб экани англашилади. Замонавий инструментлар, аппаратлар билан жиҳозланган муассаса билан биргаликда, малакали кадрлар тайёрлаш масаласи асосий ўринга чиқади. Соҳада бугун ана шундай кадрлар бўй кўрсата бошлади. Аксарият мутахассисларнинг узоқ йиллик тажрибалари алоҳида бир мактаб.
Нозимжон Муртазаев,
Миллий тиббиёт марказининг нейрореанимация бўлими шифокор-неврологи:
– Инсульт каби оғир хасталикларга қарши курашишда «олтин соатлар» қоидаси жуда муҳим. Яратилган замонавий шароитлар ва тезкор тизимлар туфайли биз вақтни бой бермасдан, қисқа фурсатда аниқ ташхис қўйиб, юзлаб оғир беморларнинг ҳаётини сақлаб қоляпмиз. Инсонларнинг яна оёққа туриб, оиласи бағрига соғ-саломат қайтаётганини кўриш – биз учун энг катта бахт ва мукофот.
Президентимиз томонидан имзоланган 2026 йил 20 январдаги “Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор соҳада туб бурилиш ясади, биз шифокорларга улкан имкониятлар очди. Тиббиёт соҳасидаги бундай доимий ғамхўрлик ва эътибор бизни янада кўпроқ ўқиб-ўрганишга, халқимиз саломатлиги учун курашишга илҳомлантиради. Ҳар бир шифокор ўз ишига масъулият билан ёндашиб, инсонларга наф келтириш учун доим тайёр туриши керак.
Президентимизнинг жорий йил 20 октябрдаги “Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Мукофотни бевосита давлатимиз раҳбарининг қўлидан қабул қилиб олдим. Бундай юксак ишонч зиммамга катта масъулият юклайди. Ишончни оқлаш учун бор кучим билан ишлашда давом этаман.
Бобожон Ғаффоров,
Навоий вилояти Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи:
-Эллик йилдан буён шу соҳада меҳнат қилаётган шифокор сифатида очиқ айтаманки, илгари соғлиқни сақлаш тизимига бунчалик чуқур эътибор қаратилганини ҳеч қачон кўрмаганман. Бугунги кунда эришилаётган ютуқлар кўлами ҳақиқатда жуда кенг.
Атиги ўн йил олдин бундай ўзгаришларни тасаввур қилиб ҳам бўлмас эди. Ўша пайтларда на трансплантация бўйича қонун бор эди, на бундай мураккаб амалиётлар бажариларди. Ҳозир эса ҳатто, оддий туман шифохоналарида ҳам маҳаллий кадрларимиз томонидан юракни очиб операция қилиш, стентлаш, қон томирларини текшириш ва бўғимларни алмаштириш каби юқори технологик муолажалар бажарилмоқда.
Тиббиётимизда юз берган бундай улкан ўзгаришларни ҳеч иккиланмасдан ҳақиқий инқилоб дейиш мумкин. Соҳага қаратилаётган катта эътибор ва яратилган шароитлар туфайли чекка ҳудудлардаги инсонлар ҳам олис жойларга бориб овора бўлмасдан, ўз туманининг ўзида энг замонавий тиббий ёрдамни олишмоқда.
Аброржон Алижонов,
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи:
-Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилишда аниқ мақсадга қаратилган дастурлар муҳим ўрин тутади. Президентимиз ташаббуси билан тиббиётнинг ҳар бир йўналиши бўйича алоҳида амалий режалар ишлаб чиқилди. Бунинг натижасида молиявий манбалар аниқ белгиланиб, бирламчи бўғинни ҳам, юқори технологик ихтисослашган марказларни ҳам бирдек ривожлантириш имконияти яратилди.
Хусусан, вилоятлар ва туманларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати кескин яхшиланмоқда. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб амалга оширилаётган мазкур манзилли лойиҳалар оддий инсонларнинг оғирини енгил қилишга, даволаниш учун узоқ жойларга бориш сарсонгарчилигини бартараф этишга хизмат қилади.
Соҳа ходимларининг фидокорона меҳнати муносиб қадрланаётгани эса барчамизни қувонтиради. Биринчи бор ўтказилган «Тиббиёт фидойиси» республика танлови ва соҳада юқори натижаларга эришган фидойи ходимларнинг пул мукофотлари билан рағбатлантирилгани шифокорларга кўрсатилган катта эътибор. Бундай ғамхўрлик тиббиёт ходимларини янада руҳлантириб, ўз касбига садоқат билан хизмат қилишга ундайди.
Элдор Исақулов,
Республика тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд вилояти филиали шифокори:
-Шифокорларнинг малакасини ошириш ва хизмат кўрсатиш учун яратилаётган замонавий шароитлар, юқори технологиялар ва кўрсатилаётган юксак эътибор беморларнинг ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи омилдир.
Касб байрамимиз муносабати билан давлатимиз раҳбари табрик йўллади. Эришилган ютуқлар эътирофи ва билдирилган юксак ишонч биз, соҳа ходимларидан янада масъулиятли бўлишни, халқимиз саломатлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилишни талаб этади. Аслида ҳам шифокор учун энг катта мукофот дардманднинг оёққа туриб, оиласи бағрига соғ-саломат қайтишидир. Биз ўз навбатида, бор билим ва тажрибамизни аямасдан, инсонлар умрини узайтириш ва қувонч улашишда давом этамиз.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА