Янги Ўзбекистонда инсон азиз!
Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги байрами муносабати билан турли соҳаларда узоқ йиллар ҳалол ва самарали ишлаган нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тантанали топширилди.
Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да бўлиб ўтган тадбирда, Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, “Нуроний” жамғармаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев йиғилганларни энг улуғ, энг азиз айём – истиқлол шодиёнаси билан муборакбод этди.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида таъсис қилинган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони кўп йиллар давомида ҳалол меҳнат қилган, ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасида алоҳида ташаббус кўрсатаётган фаол нуронийларга муносиб кўрилмоқда.

Мазкур мукофотга Наманган вилоятидан лойиқ деб топилган, таълим, фан, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, қурилиш каби соҳаларда жонбозлик кўрсатиб жамият тараққиётига улкан ҳисса қўшган, табаррук ёшида ҳам оилалар ва маҳаллаларда соғлом муҳитни қарор топтиришда бой меҳнат тажрибаси, ҳаётий ҳикматлари билан намуна бўлаётган 56 нафар фидойига I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тақдим этилди.

– Бугунги доруламон кунларга етказганига, инсоннинг меҳнати чинакам қадрланаётган юртда яшаш саодати насиб қилганига минг шукр, – дейди Наманган шаҳридаги Шарқ тонги маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Собитхон Аҳмадхўжаев. – Эллик йилдан зиёд тиббиёт ва фармацевтика тармоқларида хизмат қилдим. Шундан ўттиз йил давомида Норин туманидаги марказий дорихонага бошчилик қилдим. Элимиз саломатлиги йўлидаги камтарона фаолияти биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига лозим кўрилганидан беҳад миннатдорман.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.