Янги Ўзбекистон ёшлари эркин ва фаровон яшайди
Термиз шаҳридаги “Амударё” халқаро болалар оромгоҳида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
Байрамона руҳда ўтган тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Жўрабек Тўраев, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, шоир Бобур Бобомурод ва бошқалар сўзга чиқиб мамлакатимизда сўнгги йилларда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар инсон манфаатлари ва халқимиз, айниқса ёш авлод фаровонлиги учун хизмат қилаётганини таъкидлади. Фестиваль иштирокчиларини ўзига хос шодиёнага айланган тадбир билан табриклади.

Президентимиз ғояси билан мамлакатимизда эълон қилинган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури доирасида олиб борилаётган ишлар бу борада белгилаб олинган вазифалар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Кейинги йилларда навқирон авлодга қаратилаётган бундай эътибор уларнинг она Ватанга меҳр-муҳаббати, юртга садоқатини кенг намоён этиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги шижоатини янада кучайтиришга, янги-янги ғоялар билан тадбиркорлик, фан, таълим, адабиёт, санъат, спорт каби соҳаларда юксак марраларни эгаллаб, мустақиллигимизни самарали меҳнатлари билан мустаҳкамлашга ундаётир.
Сурхондарё вилоятида ҳам бу борада кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда ёшлар билан ишлашнинг янги тизими яратилгани ўз самарасини бераётир. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятнинг 5 та ҳудудида етти марта ўтказилган “Сектор раҳбарлари ва ёшлар” учрашувида икки мингдан ортиқ йигит-қиз иштирок этди. Очиқ мулоқотлар чоғида уларнинг ютуқ, ғоя ва муаммолари тингланиб, ҳозиргача мингга яқин мурожаати ижобий ҳал этилди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг 60 та секторда фаол йигит-қизлардан иборат жамоатчилик асосидаги ишончли вакиллари фаолияти йўлга қўйилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган тенгдошларининг муаммосини ўрганиш жорий этилди.

– Вилоят марказида ҳам йигит-қизлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Термиз шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари К.Ашуров. – Бунда айниқса, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар ўртага ташлаётган масалаларни ечишни устувор вазифа сифатида белгилаб олганмиз. Айни пайтда 2 минг 600 дан ортиқ йигит-қиз “Ёшлар дафтари” руйхатида турибди. Улар ижтимоий ҳимоя қилиниб, муаммоларини ечиш, бандлик масаласини ҳал этиб, фаровон ҳаёт кечириши учун тизимли ишлар олиб борилмоқда. Лўнда қилиб айтганда, йилнинг ўтган даврида эҳтиёжманд ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Маълумотларга кўра, шу даврда 126 нафар эҳтиёжманд ёшга қарийб 124 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Бир нафар ёшнинг бепул даволанишига ҳомийлик қилинди. “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 15 нафар фарзанди ўқиши учун 52 миллион 287 минг сўм миқдоридаги тўлов-контракт пули ўтказиб берилди.
Мазкур фестивалда ҳам Термиз шаҳридан “Ёшлар дафтари”га киритилган 140 га яқин йигит-қизга замонавий тикув машиналари, компьютер жиҳозлари, турли асбоб-ускуна ва иш қуроллари совға қилиниб, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришга кўмаклашилди.
Тадбир доирасида ёшлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар, амалий ва тасвирий санъат асарлари, китоблар кўргазмалари ташкил этилди. Йигит-қизлар ўртасида спортнинг волейбол, мини футбол, шахмат-шашка, арқон тортиш, тош кўтариш, армрестлинг, сузиш каби ўнта тури бўйича беллашувлар уюштирилиб, ғолиблар муносиб рағбатлантирилди. Замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш ўйғотди.
Фестиваль пойтахтдан келган ҳамда маҳаллий санъаткорларнинг, эл суйган бахшиларнинг гала концерти билан якунланди.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган ушбу тадбир вилоят туманларида ҳам юксак савияда ўтказилмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА