“Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик”
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида мазкур шиор остида галаконцерт ҳамда бир қатор танлов ва мусобақалар бўлиб ўтди.
Буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳайкали қад ростлаган Оқсарой хиёбонида шахмат бўйича “Рокировка” турнири иштирокчилари жам бўлди. Бундан ташқари, учта (-73, -81, -90 килограмм ) вазн тоифасида миллий кураш, уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг каратэ ва таэквондоWTF тури, стол тенниси, шашка мусобақалари муросасиз баҳсларга бой бўлди. 18-30 ёшдаги қизлар ўртасида ўтказилган “Зукко китобхон” танлови, рассомчилик кўргазмаси, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш доирасида ошпазлик ва тикувчилик танловлари барчага манзур бўлди.
[gallery-12355]
Айниқса, ҳарбий ватанпарварлик тадбирлари доирасида ташкил этилган пневматик қуролдан ўқ отиш мусобақаси қизиқарли ўтди. Байрамона руҳда ўтган фестивалда миллий халқ ўйинлари доирасида арқон тортиш ва ланка ўйинлари, бахшилик ва фольклор ансамбли чиқишлари, санъат ихлосмандлари учун “караоке” ташкил этилди.
Фестиваль якунида “Ташаббусимиз, иқтидоримиз, куч-қудратимиз – Ватан учун” шиори остида ўтказилган уч босқичли мусобақаларда ғолиб бўлган ёшлар, халқ таълими, олий ва профессионал таълим ташкилотлари тақдирланди.
Тадбир сўнгида эстрадамиз юлдузлари иштирокида намойиш этилган галаконцерт барчага хуш кайфият бағишлади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.