Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик
Бухорода “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида “Ёшлар ойлиги” бошланди. Шу муносабат билан турли маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар, учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Бухоро шаҳрида Абу Али Ибн Сино номидаги Фавворалар майдонида ташкил қилинган ёшлар сайли тадбирларнинг дебочаси бўлди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ва бошқа мутасаддилар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталди.
[gallery-12267]
–Юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урилмасин, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз, шижоатингизга суянилади, – деди вилоят ҳокими Б.Зарипов. – Барчангиз яхши биласиз, бугун ўз олдимизга улкан марралар қўйганмиз. Она Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришдик. Ишонаманки, мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда сизлар сингари фидойи ва ватанпарвар ёшларимиз бизга камарбаста бўлиб, муносиб ҳисса қўшасизлар. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга астойдил хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшайсизлар.
Шундан сўнг, ёшлар ўртасида ўтказилган спорт турлари бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаларининг туман ва шаҳар босқичи ғолиблари тақдирланди. Шу билан бирга мини-футбол ва футбол мусобақаларининг вилоят босқичига расман старт берилди.
Эстрада хонандалари иштирокидаги катта концерт дастури ёшларга бир олам қувонч, унутилмас таассуротлар улашди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/iWhYngmjgjw" title="Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА