Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!
Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида шу шиор остидаги ёшлар фестиваллари ўтказилмоқда.
– Ёшлар куни олдидан ташкил этилаётган мазкур тадбирлар йигит-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг маданият, санъат, спорт ва бадиий ижод йўналишларида иқтидорини рўёбга чиқариш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган, – дейди ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳ.Тўхтаев. – Шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож ёшларга алоҳида эътибор кўрсатилади. Уларни ишга жойлаштириш, доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш кўзда тутилган.
Кеча Пастдарғом туманида ўтказилган фестивал “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” юриш марафони билан бошланди. Шундан сўнг туман марказидаги “Янги Ўзбекистон” майдонида, боғ ва хиёбонлар, таълим муассасаларида спорт мусобақалари, миллий халқ ўйинлари, санъат, мусиқа, рақс, китобхонлик кўрик-танловлари, “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Шунингдек, “Энг китобхон оила” танлови ўтказилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди. “Бир нуронийга ўн нафар ёш” акцияси доирасида нуронийлар ва ёшлар учрашуви ташкил этилди.
[gallery-7303]
Пастдарғомлик фахрийлар ўзларининг ҳаёт йўли ҳақида гапириб, ёшларни бугун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишга даъват этди. Миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, ҳарбий техникалар намойиши ёшлар учун унутилмас таассуротларга бой бўлди. Фестивалда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва вилоят сектор раҳбарлари иштирок этиб, тадбир қатнашчиларини табриклади.
– Ушбу фестивал доирасидаги тадбирлар бир туман мисолида юртимизда ёшлар таълим-тарбияси, келажагига қандай эътибор кўрсатилаётганининг ифодасидир, – деди Э.Турдимов. – 30 июнгача барча туман ва шаҳарларда шундай тадбирлар ташкил этиб, сизлар билан яқиндан мулоқот қиламиз. Пастдарғомда спортчилар, чемпионлар ва турли танловлар ғолиблари кўп. Биз ишонамиз, бундан буён ҳам бу анъана давом этади.
Тадбирда “Энг фаол ёшлар етакчиси”, “Энг фаол ҳамкорлик қилган ҳоким ёрдамчиси” ва бошқа номинациялар бўйича ғолиблар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди. Тадбирлар якунида самарқандлик ва пойтахтдан келган таниқли хонандалар иштирокидаги гала концерт намойиш этилди. Бугун вилоятнинг Пайариқ туманида шу каби ёшлар фестивали ўтказилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА