Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш демак
Наманган шаҳридаги "Шодиёна" тантаналар мажмуасида "Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш" шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда пойтахтдан келган таниқли олимлар, шоир-ёзувчилар, таниқли санъаткорлар, нуроний ва ёшлар, депутатлар, вилоят фаоллари иштирок этдилар.
Байрам тадбирида қатнашган Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов пандемия давридаги вазият, аҳоли саломатлиги, фаровон турмуши учун олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.
Шунингдек, вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, тадбиркорликни ривожлантириш, имтиёзли уй-жойларнинг қурилиши ва диний, маънавий-маърифий соҳалардаги амалий ишлар хусусида сўз юритди.
Ўзбекистон халқ артистлари Мирза Азизов, Зулайхо Бойхонова, Абдуҳошим Исмоилов, шоира Сайёра Тўйчиева ҳам ўз чиқишларида янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, янгича сиёсати, янгича ёндашуви ҳақида гапириб, 34 миллионлик халқимиз учун яратилган ва яратилаётган имкониятлар, айниқса, пандемия даврида Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларнинг амалий ва ижобий самараси ҳақида фикрларини билдирдилар.
Видеороликлар намойишида юртимизнинг кечаги ва бугуни тасвирланди. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари янграмоқда.
"Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш" шиори остида "маҳаллабай" тизимидаги маънавий-маърифий тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, олис ва чекка қишлоқларида давом эттирилмоқда.



Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев(сурат), ЎзА