Янги Ўзбекистон: янги муносабатлар кенг имконият демакдир
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон" газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавобларини катта қизиқиш билан мутолаа қилдим.
Суҳбат сўнгги беш йил ичида мамлакатимизда амалга оширилган мажмуавий ислоҳотларнинг кўлами нақадар кенг, мустаҳкам, оқилона ва энг муҳими, ўз самарасини бераётгани – Янги Ўзбекистон аталмиш қудратли давлат ҳар жабҳада жаҳонга адл бўй чўзаётгани, олиб борилаётган ислоҳотлар самараси таҳликали XXI аср муҳитида буюк ўзбек халқининг тинч-тотув, обод ва фаровон, роҳат-фароғатда – эртанги кунга ишонч туйғуси билан ҳаёт кечиришини таъминлаётганини ифода этган. Қисқа фурсатда амалга оширилган ислоҳотлар хроника тарзида кўз ўнгимдан бирма-бир ўтди.
Айтиш мумкинки, мазкур суҳбат Янги Ўзбекистон сиёсий палатформасининг ҳаётий факторларга асосланган шарҳи, публицистик талқини бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг: “Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз.” – деган самимий эътирофи аллақачон юксак умуммиллий мақсадларимизнинг “йўлчи юлдузи”га айланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар, янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганини ҳис этмоқда. Айниқса, “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир.
Мазкур тарихий суҳбат мамлакатимиздаги барча соҳаларда жадал суръатларда давом этаётган ислоҳотларнинг “харитаси” ўлароқ қимматли, десак муболаға бўлмайди.
Суҳбат мобайнида билдирилган фикрлар аосида турли соҳа, касбу кор эгаларига, турли ёш қатламларига кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрликлар, яратиб берилаётган имкониятлар, билдирилаётган юксак ишонч мавжудлигини кўриш мумкин.
Халқимизнинг умумманфаатлари, Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги амалиётлар изчиллиги баробарида жаҳон давлатлари, хусусан, қўшни давлатлар билан мустаҳкамланган дўстлик, ҳамкорлик, статегик шериклик ришталари ҳам – Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг дўстлик ва эзгулик ташаббускор эканлигини намойиш этди. Айтиш мумкинки, бу борада жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган иборанинг пайдо бўлишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари бор.
Илмдан ўзга нажот йўқ! Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида, ёшлар сиёсати ва ёш авлоднинг сифатли таълим олиб, ўз касбининг етук мутахассиси бўлиши лозимлигини, бу борада олий таълим тизимидаги ислоҳотлар тобора замонавийлашиб, халқчиллашиб бораётганини алоҳида таъкидлайди.
Айни ислоҳотлар самарасини рақамлар орқали билиш мумкин. Суҳбат давомида Президентимиз мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 141 тага етказилгани, хориж олий таълим муассасасининг 26 та филиали очилгани, 2016 йилда республикамиздаги олийгоҳларнинг сони 77 та бўлганини қайд этди.
Бугун эса бу борадаги ютуқлар улкан. Кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар ошди. Жорий йилда 182 минг нафар ёш учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Бу – умумий қамров 28 фоизга етганини англатади. 4 йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этарди.
2021 йил мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртлари учун намуна бўлиб, энг юксак халқаро талабларга жавоб берадиган “Янги Ўзбекистон” университетининг Тошкент шаҳрида ташкил этилгани ҳам илмий салоҳиятли, етук кадрларни тайёрлаш ишлари йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ушбу суҳбатни ўқиб ҳар бир фуқаро, кекса-ю ёш, раҳбару ходим, ўғил-қиз, олиму талаба ўз Ватани учун нима қилиши кераклигини англайди.
Авазжон Мараҳимов,
Термиз давлат университети ректори, профессор
ЎзА