“Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс сари!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш ҳамда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейида Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс сари!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбир “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилди.
Тадбирда “Ўзбекистон халқ шоири” Иқбол Мирзо, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” Муҳаммад-Али Аҳмедов, тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраимов, шунингдек, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, музей ходимлари, ҳарбий хизматчилар, таниқли ижодкорлар ҳамда олимлар иштирок этди.
Тадбир давомида Учинчи Ренессанс ғоясининг мазмун-моҳияти, буюк аждодларнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, уни ёш авлодга етказиш ҳамда Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маърузаларда Соҳибқирон Амир Темурнинг давлат бошқаруви ва бунёдкорлик фаолияти, шунингдек, Темурийлар даврида илм-фан ва маданият равнақ топгани ҳақида фикрлар билдирилди. Маънавий-маърифий тадбир тарихий меросни ўрганиш, аждодларимизнинг бой илмий ва маданий тажрибасини ёш авлод онгига етказиш, миллий ғурур ва тарихий хотирани мустаҳкамлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этди.
Тадбир якунида иштирокчилар Темурийлар тарихи давлат музейининг янгиланган экспозициялари ва тарихий экспонатлари билан яқиндан танишдилар. Мазкур ташриф Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар даври тарихини янада чуқурроқ англаш, тарихий-маданий меросга ҳурматни ошириш ҳамда Ватанга дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Меҳрожиддин Умурзақов, Дониёр Якубов, ЎзА