Янги Ўзбекистон: Меҳнат хавфсизлигининг янги модели
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги мамлакатимиз тараққиётининг турли йўналишларида амалга оширилган ислоҳотларни сарҳисоб қилиш билан бирга, инсон қадри ва унинг манфаатларини таъминлаш борасидаги натижаларни ҳам қайта баҳолаш учун муҳим даврдир.
Мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бугун меҳнат хавфсизлиги инсон капиталини асраш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва ташкилотларнинг барқарор фаолиятини таъминлашнинг муҳим шартларидан бирига айланмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаси янги босқичга кўтарилди. Бу даврда соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилди, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқаришнинг замонавий механизмлари жорий этила бошланди, ходимларни ўқитиш тизими янгиланмоқда, рақамлаштириш жараёнлари жадаллашмоқда.
Энг муҳими эса — хавфсизликка муносабат ўзгармоқда: ҳодиса содир бўлгандан кейин оқибатларни бартараф этишдан хавфни олдиндан аниқлаш ва бошқаришга ўтиш кучаймоқда.
Хавфсизликни бошқариш тизимига ўтиш
Замонавий меҳнат хавфсизлиги тизимининг асосий фарқи шундаки, унда хавфсизлик алоҳида тадбирлар ёки фақат назорат органларининг вазифаси сифатида эмас, балки ташкилотнинг умумий бошқарув тизимининг ажралмас қисми сифатида қаралади.
Бу борада 2025 йил 21 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани муҳим қадам бўлди.
Мазкур қарор билан ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқаришга тизимли ёндашувнинг ташкилий ва амалий механизмлари белгиланди. Ташкилотларда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича сиёсат ва мақсадларни белгилаш, масъулият ва ваколатларни тақсимлаш, ходимларни тайёрлаш, ички аудитни ташкил этиш ҳамда тизимни мунтазам такомиллаштиришга асосланган ёндашув шакллантирилди.
Айниқса, иш берувчининг хавфни идентификация қилиш, касбий хавфларни баҳолаш ва уларни бошқаришни ташкил этиши янги ёндашувнинг асосий тамойилларидан биридир.
Эндиликда савол фақат: “Қоидабузарлик борми?” эмас, балки “Хавф қаерда, унинг даражаси қандай ва уни ҳодиса содир бўлишидан олдин қандай бошқариш мумкин?” деган мазмунга эга бўлмоқда.
Тизимлаштирилган меҳнат хавфсизлиги
2025 йил 24 декабрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид айрим низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги энг муҳим ҳуқуқий қадамлардан бири бўлди.
Қарор билан ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ва тегишли хизмат фаолиятини ташкил этиш, ходимларни йўл йўриқдан ўтказиш ва ўқитиш, билимларини текшириш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, йўриқномаларни ишлаб чиқиш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил фаолиятига оид тартиблар тизимлаштирилди. Бу механизмларнинг умумий мақсади битта: меҳнат хавфсизлигини фақатгина ҳужжатлар тўплами орқали эмас, балки бутун бир бошқариладиган тизимга айлантириш.
Бунда хавфларни аниқлаш, ходимларни ўқитиш, ички назорат, масъулиятни белгилаш, профилактика, бахтсиз ҳодисаларни таҳлил қилиш ва тизимни такомиллаштириш ўзаро боғлиқ жараён сифатида қаралади.
Шу маънода янги моделнинг асосий формуласи қуйидагича: Ҳодисани кутиш эмас — хавфни бошқариш.
Меҳнат хавфсизлиги маданияти
Ҳар қандай меъёрий ҳужжатнинг самараси уни амалиётда қўллаш даражаси билан белгиланади. Шунинг учун меҳнат хавфсизлигининг янги моделида меҳнат хавфсизлиги маданияти алоҳида аҳамият касб этади.
Меҳнат хавфсизлик маданияти — бу фақат йўриқнома билан танишиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириб қўйиш эмас. Бу раҳбарнинг хавфсизликни устувор қадрият сифатида қабул қилиши, ходимнинг ўз хавфсизлиги учун масъулиятни англаши, хавф ҳақида хабар беришдан қўрқмаслиги, хавфли шароитни аниқлаган заҳоти чоралар кўриши, хатолардан хулоса чиқариши, бахтсиз ҳодиса содир бўлишидан олдин сабабларни бартараф этишидир.
Шу сабабли меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассиси ҳам фақат ҳужжатларни юритувчи ходим эмас, балки касбий хавфларни бошқарувчи профессионал сифатида фаолият юритиши керак.
Билимни бошқариш-хавфни бошқаришнинг бошланиши
Меҳнат хавфсизлигининг барқарор тизими билимли ва малакали инсон капиталига таянади. Ходим хавфни англамаса, ундан ҳимояланиш механизми ҳам тўлиқ ишламайди.
Шу сабабли меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитиш, йўл-йўриқдан ўтказиш, билимларни текшириш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш стратегик аҳамиятга эга.
Асосий мақсад — ходимнинг хавфни кўра олиши, баҳолаши ва хавфсиз қарор қабул қила олиш қобилиятини шакллантириш. Шунинг учун, хавфни бошқаришдан олдин билимни бошқариш лозим.
Хавфсизлик тушунчаси кенгаймоқда
Бугунги кунда хавфсиз иш жойи тушунчаси ҳам ўз мазмунини кенгайтирмоқда. Анъанавий ёндашув асосан механик, физик, кимёвий ва бошқа ишлаб чиқариш хавфларига эътибор қаратган бўлса, замонавий меҳнат хавфсизлиги тизими инсоннинг руҳий ва психологик ҳолатига таъсир қилувчи омилларни ҳам ҳисобга олишни талаб этмоқда.
Ортиқча иш юкламаси, иш ва дам олиш мувозанатининг бузилиши, вазифаларнинг ноаниқлиги, психосоциал хавфлар, тазйиқ ва зўравонлик, носоғлом иш муҳити — буларнинг барчаси ходимнинг хавфсизлиги ва меҳнат самарадорлигига бевосита таъсир қилиши мумкин.
Демак, замонавий хавфсиз иш жойи — жисмоний жиҳатдан хавфсиз, руҳий ва психологик жиҳатдан ҳам барқарор меҳнат муҳитидир.
Бахтсиз ҳодисалар: текширувдан сабоқ чиқаришгача
Профилактика қанчалик муҳим бўлмасин, бахтсиз ҳодиса содир бўлган ҳолатларда давлат органларининг бундай ҳодисаларга тезкор, холис ва шаффоф муносабати ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати — меҳнатни муҳофаза қилишга оид долзарб масалаларнинг давлат сиёсати даражасида изчил ҳал этилаётгани.
Давлатимиз раҳбари томонидан меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олиш тизимини илғор халқаро тажриба асосида такомиллаштириш борасида берилган топшириқлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур лойиҳа бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, текширувларнинг холислиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган янги механизмларни қамраб олади.
Бу жараёнда асосий вазифа фақат ҳодисани расмийлаштиришдан иборат эмас. Энг муҳими — “Нима учун содир бўлди ва бундай ҳодиса қайта такрорланмаслиги учун нима ўзгариши керак?”, деган саволга жавоб топишдир. Бахтсиз ҳодиса — бу фақат статистик кўрсаткич эмас.
Унинг ортида инсон ҳаёти, оила тақдири, меҳнат қобилияти ва ижтимоий ҳимоя масалалари туради.
Шу сабабли ҳар бир ҳодиса хавфсизлик тизими учун сабоқ ва такомиллаштириш нуқтасига айланиши керак.
Меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги яна бир муҳим йўналиш — рақамлаштиришдир. Аммо рақамлаштиришнинг ўзи мақсад эмас. Унинг ҳақиқий қиймати — аниқ маълумот асосида тезроқ, холисроқ ва самаралироқ қарор қабул қилиш имконини яратишида.
Келгусида рақамли тизимлар орқали:
· хавфлар тўғрисидаги маълумотларни жамлаш;
· бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш;
· иш ўринлари ва меҳнат шароитлари ҳақидаги маълумотларни электрон шаклда юритиш;
· хавф даражасини таҳлил қилиш;
· такрорий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш;
· назорат ва профилактика чораларини мақсадли режалаштириш имкониятлари кенгаяди.
Натижада давлат назорати ҳам тобора кўпроқ маълумотларга, таҳлил ва хавф даражасига таянадиган моделга ўтиши мумкин.
Давлат назоратининг янги фалсафаси
Замонавий меҳнат инспекцияси фақат содир бўлган ҳуқуқбузарликни аниқлайдиган институт бўлиб қолмаслиги керак. У хавфни аниқлайдиган, таҳлил қиладиган, профилактик чораларни белгилайдиган, меҳнат хавфсизлиги маданиятини ривожлантиришга кўмаклашадиган ва инсон ҳуқуқларининг амалий кафолатини таъминлайдиган замонавий институт бўлиши керак.
Бунинг учун назорат механизмлари ҳам хавфга асосланган бўлиши зарур.
Қайси ташкилотда хавф даражаси юқори,қайси тармоқда бахтсиз ҳодисалар такрорланмоқда,қайси иш ўринларида зарарли ва хавфли омиллар кўпроқ учрамоқда, қайси ташкилотларда меҳнат шароитлари бўйича баҳолаш натижалари реал вазиятдан фарқ қилиши мумкин деган саволларга маълумотлар ва таҳлил асосида жавоб бера олиши керак.
Меҳнат хавфсизлигини фақат давлат назорати билан таъминлаб бўлмайди.
авфсизлик — давлатнинг эмас, бутун жамиятнинг умумий масъулияти, яъни давлат, иш берувчи, ходим, касаба уюшмалари, ходимлар вакиллари ва профессионал ҳамжамиятнинг умумий масъулиятидир.
Иш берувчи хавфсизликни харажат эмас, узоқ муддатли инвестиция сифатида кўриши керак.
Меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассиси ҳужжатларни расмийлаштириш билан чекланмай, реал хавфларни бошқарувчи профессионал бўлиши лозим.
Ходим ўз ҳуқуқларини билиши, хавфни англай олиши ва хавфсиз меҳнат шароитини талаб қилиш имкониятига эга бўлиши керак.
Касаба уюшмалари ва ходимлар вакиллари эса меҳнат хавфсизлиги маданиятининг фаол иштирокчисига айланиши зарур.Шундагина меҳнат хавфсизлиги талаб сифатида эмас, ташкилотнинг кундалик қадрияти сифатида шаклланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг умумий мақсади битта:инсон ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш.
Чунки мамлакат тараққиёти фақат янги ташкилотлар, замонавий технологиялар ёки рақамли тизимлар сони билан ўлчанмайди. Тараққиётнинг энг муҳим мезонларидан бири — инсоннинг қанчалик хавфсиз, соғлом ва муносиб шароитда меҳнат қилаётганидир.
Олдимиздаги вазифалар
Келгусида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифалар устувор бўлиши лозим:
Биринчидан, хавфларни олдиндан аниқлаш, баҳолаш ва бошқаришга асосланган миллий моделни тўлиқ шакллантириш.
Иккинчидан, меҳнат хавфсизлиги соҳасида рақамли маълумотлар базалари ва таҳлилий механизмларни ривожлантириш.
Учинчидан, бахтсиз ҳодисаларни яширишнинг олдини олувчи, холис ва шаффоф хабар бериш ҳамда текшириш механизмларини такомиллаштириш.
Тўртинчидан, меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринлари бўйича маълумотларни рақамлаштириш орқали холислик ва шаффофликни ошириш.
Бешинчидан, давлат меҳнат назоратини хавф даражаси ва маълумотлар таҳлилига асосланган замонавий механизмлар билан кучайтириш.
Олтинчидан, меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишни меҳнат хавфсизлигининг ажралмас қисмига айлантириш.
Еттинчидан, иш берувчилар, меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассислари ва ходимларнинг профессионал компетенциясини мунтазам ривожлантириш.
Саккизинчидан, давлат, иш берувчи, ходим, касаба уюшмалари ва экспертлар ўртасидаги ижтимоий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш.
Бизнинг энг катта вазифамиз — ҳар бир ходим ишга соғ-саломат келиб, иш куни якунида оиласи бағрига соғ-саломат қайтадиган меҳнат муҳитини яратиш.Бу нафақат меҳнатни муҳофаза қилиш тизимининг, балки инсон қадри устувор бўлган давлат сиёсатининг ҳам муҳим мақсадидир.
Зеро, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт моделида хавфсиз меҳнат — инсон қадри, барқарор иқтисодиёт ва муносиб келажакнинг муҳим пойдеворидир.
Р.Турдибоева,
Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш
ва бандлик вазири ўринбосари, юридик фанлар номзоди.
ЎзА