Ватан рассомлар нигоҳида
Мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида Фарғона вилояти Рассомлар уюшмаси “Менинг Ўзбекистоним” шиори остида мўйқалам усталари ва нақшинкор кулоллар ижод намуналари кўргазмасини ташкил этди.
Кўргазмада Фарғона вилояти рассомлари, устоз-шогирд ҳаракати иштирокчилари, хорижий меҳмонлар қатнашдилар.
Тантанали маросимда сўзга чиққанлар ижод аҳли мамлакатда рўй берган ўзгаришлар, ислоҳот ва бунёдкорлик ишларидан улкан илҳом олаётганларини, бу асарлар Ватанни мадҳ этишдаги кичик ҳиссалари эканини таъкидлашди.
Кўргазмага пейзаж, портрет, абстрактизм каби жанрларга оид мойбўёқ асарлар, нақшинкор кулолчилик намуналари қўйилган. Ҳар бир асарда муаллифнинг Ватанга меҳр уйғотувчи чизгилари томошабинни ҳис-ҳаяжонга чулғайди.
– Туркиядан қучоқ-қучоқ саломлар келтирдим, – дейди меҳмон Дилором Алиева. – Бу қадар муҳташам ва гўзал асарлар юксак иқтидор маҳсули. Мен фарғоналик рассомлар билан ҳамкорликни йўлга қўяман.

Дарҳақиқат, аслида ижод намуналари дунёнинг нуфузли музейларидан ўрин олган. Жумладан, Туркия кўргазмаларида ҳам намойиш этилган.

– Ўзбекистон мустақиллиги, Ватан мадҳи мавзулари ҳеч қачон ижодкор кун тартибидан тушган эмас, – дейди вилоят Рассомлар уюшмаси раиси Людмила Семизорова. – Рассомлар ижоди халқимизга яқинроқ бўлиши учун биз кўргазмани шаҳар-туманларда ҳам ташкил этамиз.
Кўргазма доирасида дизайнерларнинг миллий матолардан ишлаган либослари намойиши ҳам бўлиб ўтди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Vf1x7QRtMJc" title="Vatan rassomlar nigohida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА