Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади
Самарқандда вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимлари иштирокида III устозлар миллий форуми ўтказилди.
Янги ўқув йилида тизимдаги муассасаларда таълим-тарбия сифатини ошириш, устувор вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Вилоят ҳокими сўнгги йилларда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган эзгу ғоя асосида таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларини камолга етказишнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

– Соҳани янада юксалтириш борасида қабул қилинган қатор давлат дастурлари, қонун ҳужжатлари асосида янги таълим муассасалари қурилди, энг замонавий ўқув анжомлари билан таъминланди, – деди Э.Турдимов. – Бу борадаги ишлар бугунги кунда янада жадал тус олмоқда. Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция – таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги боис жорий йилда вилоятимизда 4 та мактаб янгидан қурилмоқда, 90 та мактабда реконструкция, 12 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг учун 446,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Ушбу қурилиш-реконструкция ишлари натижасида вилоятимизда 24 мингга яқин янги ўқувчи ўрни яратилмоқда. Таълим-тарбия сифати ва самарадорлиги мактаблар моддий-техника базаси билан бирга аввало ўқитувчи ва мураббийларимизнинг билими, малака ва тажрибасига, ўз касбига муҳаббатига ҳам боғлиқ. Шу боис кейинги йилларда ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муҳофаза қилишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши билан устозларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида эканлиги ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Ўқитувчининг меҳнати, билимига яраша моддий рағбатлантириб бориш энг устувор вазифа сифатида белгиланди. Бундан юзлаб ўқитувчиларимиз самарали фойдаланиб, моддий манфаатдорлиги ошмоқда.

Вилоят ҳокими самарқандлик ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ютуқларини эътироф этиш билан бирга тизимда йўл қўйилган камчиликларни ҳам қайд этиб, соҳа масъуллари олдида турган вазифаларга эътибор қаратди.
Форумда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов ўтган ўқув йили натижаларини сарҳисоб қилиб, 2024/2025 ўқув йилининг устувор вазифалари ҳақида маъруза қилди.
– Ўтган ўқув йилида 68 та мактаб янги баҳолаш тизимига ўтказилганди, – деди Ш.Эшонқулов. – Бунинг натижасида таълим сифати ошган ва юқори натижаларга эришган ушбу мактаб жамоаларига 40 фоизгача устамалар белгиланиши мактаблар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтиради. Янги ўқув йилидан яна 50 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилади. Ихтисослаштирилган мактаблар 16 тадан 18 тага етказилади. “Замонавий мактаб” мақомига эга бўлган мактабларимиз 113 тадан 209 тага, миллий ва халқаро сертификатга эга бўлган ўқитувчилар 1216 нафардан 2444 тага етди. 80 та мактабда ўқувчиларга 2 та хорижий тил ва 1 та касб ўргатилмоқда. Ўтган ўқув йилида всосий фан олимпиадасининг республика босқичида ўқувчиларимиз 9 та совринли ўринларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида республикада биринчи ўринни қўлга киритди. Янги ўқув йилида ҳам бу натижани сақлаб қолишимиз лозим.

Мактабгача таълим соҳасида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз натижаларини бермоқда. Жорий йилда 13 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 9 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғча, 4 та хусусий, 268 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Форумда бир гуруҳ фаол ўқитувчи ва мураббийлар, халқаро танловлар ғолиблари вилоят ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари