Янги Ўзбекистон бунёдкорлари – миллий танловда
Мамлакатимизнинг тўрт ҳудудида 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган техникум ўқувчилари, ёшлар, талабалар ҳамда банд бўлмаган аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари – 2026” миллий танловининг Республика босқичи бўлиб ўтмоқда.
Унда ўн касб йўналиши бўйича 667 нафар иқтидорли ёшлар мамлакат босқичи ғолиблиги учун ўз иқтидорини синовдан ўтказмоқда.
Касбий таълим агентлиги томонидан ташкил этилаётган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловининг Республика босқичи жорий йилнинг 13-18 июль кунлари Самарқанд ва Бухоро вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳрида ўтказилмоқда.
[gallery-30384]
Жумладан, танловнинг электромонтаж, пайвандлаш технологияси, сантехника ва мода технологиялари йўналишларининг Республика финал босқичи Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари “WorldSkills” халқаро стандартлари асосида баҳоланади.
Беллашувлар аввалида Самарқанд вилояти ҳокимлиги, касбий таълим бошқармаси ва маҳаллалар уюшмаси вилоят бўлими масъуллари иштирок этиб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танлови ёшларнинг касбга бўлган қизиқишини ошириш, ўрта бўғин кадрлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда танлов ғолиблари ва иштирокчиларининг ички ва ташқи меҳнат бозорида юқори даромадли иш ўрнига эга бўлиш имкониятини кенгайтиришни мақсад қилган.
Танлов низомига мувофиқ, иштирокчилар кунлик иш меъёрига амал қилган ҳолда бир неча кун давомида ўз маҳоратлари, эгаллаган касбий билимларини намойиш этади. Энг маҳоратли касб соҳиблари 18 июль куни аниқланади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари