Ганьсудан дунё тилларида қўшиқ таралди
Ганьсу провинцияси Ганьнан - Тибет автоном округининг Сяхэ туманидаги гўзал Сангкэ яйловида "Анор гулининг яшнаши – гўзал Ганьсу" номли этник мусиқий концерт бўлиб ўтди.
Тибет платосининг чексиз яйловлари ва салобатли тоғлари бағрида ташкил этилган очиқ осмон остидаги саҳнада анъанавий тибет қўшиқ ва рақслари, халқ симфоник мусиқаси ҳамда замонавий мусиқий йўналишлар уйғунлашиб, томошабинларга унутилмас маданий саёҳатни тақдим этди.

Концерт номоддий маданий мерос элементларини ўзида мужассам этган ёрқин чиқишлар билан бошланди. Саҳнага маҳаллий тибет санъаткорлари ва халқ ижрочилари чиқиб, Ганьнаннинг гўзал табиати, миллий анъаналари ва кўчманчи маданиятини тараннум этувчи қўшиқ ва рақсларни намойиш этди.

Кечанинг энг муҳим воқеаси Ганьсу Миллий оркестрининг чиқиши бўлди. Дастурдан Хитой классик мусиқаси намуналари билан бир қаторда, миллий чолғулар симфоник ва рок мусиқаси элементлари билан уйғунлаштирилган замонавий аранжировкалар ҳам ўрин олди.

Томошабинлар, айниқса, “Менинг Ватаним”, “Янги чопқирлар”, “Байрам қўшиғи”, машҳур Гонконг қўшиғи “Гуллар ҳимоячиси”нинг замонавий талқини, шунингдек, “Филлар подшоси”, “Гўзал Хуар” ва “Яна партия ҳақида куйлайман” асарларини катта илиқлик билан қарши олди.
Концерт кўп миллатли Ганьсу маданиятини хорижий аудиторияга танитиш учун муҳим майдонга айланди.

Тадбирда Буюк Британия, Франция, Австралия, Канада, Испания, Малайзия ва Таиланд каби 23 мамлакатдан ташриф буюрган журналистлар, блогерлар ва фотосуратчилар иштирок этди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мазкур концерт нафақат ёрқин маданий тадбир, балки халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим мулоқот майдонидир. Мусиқа, санъат ва миллий анъаналар орқали Ганьсу дунёга миллатлар тотувлиги, маданий хилма-хиллик ва Хитойнинг замонавий тараққиёти ҳақида ҳикоя қилади.

Мусиқа фестивали 19 июлга қадар давом этади. Яқин кунларда саҳнада Ганьнаннинг машҳур ижрочилари, шунингдек, Хитойнинг оммабоп Hanggai, Penicillin гуруҳлари ҳамда афсонавий Black Panther рок гуруҳи чиқиш қилади.
Ганьнан – Тибет платосининг улуғвор табиати мусиқа, маданият ва миллий анъаналар билан уйғунлашган, ҳар бир концерти эса халқлар дўстлигининг ҳақиқий байрамига айланадиган бетакрор маскандир.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат) ЎзА