“Янги Ўзбекистон болалари”: энг фаол ва ташаббускор ёш етакчилар сараланмоқда
Пойтахтимизда Республика “Келажак” маркази томонидан Ўқувчилар Кенгаши аъзолари ўртасида “Янги Ўзбекистон болалари” танловининг Республика босқичи ташкил этилди.
Мамлакатнинг энг фаол, билимли ва ташаббускор ёшларини бир майдонга жамлаган мазкур нуфузли тадбир доирасида Ўқувчилар Кенгаши сайловининг Республика босқичи ҳам бўлиб ўтди.
[gallery-32742]
Бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлоднинг истеъдоди ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда етакчилик қобилиятларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Хусусан, таълим тизимида ўқувчиларнинг ўзини ўзи бошқариш механизмларини ривожлантириш, уларни мустақил фикрлайдиган ва ташаббускор шахслар этиб тарбиялаш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Тадбирда қайд этилганидек, ўқувчилар Кенгаши қўшимча таълимга жалб қилинган фаол ўқувчилардан шакллантирилади. Кенгаш “Тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида мактаб директори ҳузурида ташкил этилади ва унинг фаолияти мактаб маслаҳатчиси томонидан мувофиқлаштирилади.
У мактабларда ўқувчилар ташаббусларини илгари суриш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, турли ижтимоий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўқувчиларни қўшимча таълим имкониятларига кенг жалб этишда муҳим ўрин тутади.
Кенгаш 5-11-синф ўқувчиларидан тузилади ва “Келажак лидери” ҳамда 7 та йўналиш координаторидан иборат бўлади. Ўқувчиларнинг Кенгашдаги фаолият кўрсаткичлари уларнинг ижтимоий портфолиосига киритилади. Ижтимоий портфолиодаги маълумотлар эса битирувчи шаҳодатномасида акс этади. Ўқувчилар Кенгаши – мактаб, туман-шаҳар, ҳудудий ва Республика даражасида фаолият юритади ва ҳар бир босқичда сайлов асосида шакллантирилади.
Ҳозирги кунга қадар “Келажак” марказлари томонидан мактаб, туман-шаҳар ва ҳудудий босқичларда сайловлар ўтказилди.
Сайловнинг якуний – республика босқичи сифатида ташкил этилган мазкур тадбирда 14 та ҳудуддан келган 112 нафар фаол ва ташаббускор ўқувчилар орасидан ҳар бир йўналиш бўйича Республика координаторлари сайланди.
Шунингдек, ўқувчилар учун малакали менторлар томонидан семинар-тренинглар, гуруҳларда амалий машғулотлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда тақдирлаш маросимлари ўтказилди.
Танлов доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Меҳринисо Пардаева иштирокида учрашув ўтказилди. Очиқ ва самимий руҳдаги мулоқот давомида ўқувчиларнинг рақамли технологияларга бўлган қизиқиши, замонавий касбларни эгаллаш имкониятлари, IT соҳасида яратилаётган шароитлар ҳамда таълим жараёнида инновацияларнинг ўрни ҳақида сўз борди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, таклиф ва ташаббусларини билдириш имконига эга бўлди.
Гулноза Бобоева,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
ЎзА