Бухоро мактабларида «Телефонсиз мактаб» лойиҳаси жорий этилмоқда
Бухоро вилоятидаги умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг дарс машғулотларига эътиборини кучайтириш ҳамда соғлом таълим муҳитини шакллантириш мақсадида «Телефонсиз мактаб» лойиҳаси босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда.
Мазкур ташаббус ўқувчиларнинг мобиль телефонлардан фойдаланишини тартибга солиш, дарс жараёнида уларнинг диққатини чалғитувчи омилларни камайтириш, билим олишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган.
Ғиждувон туманидаги 24-умумтаълим мактабида ҳам ушбу лойиҳа асосида ўқувчиларнинг мобиль телефонларини сақлашнинг махсус тартиби йўлга қўйилган. Унга кўра, ўқувчилар таълим муассасасига келганида телефонларини махсус қулфланадиган шкафларга топширади. Машғулотлар якунида эса улар ўз эгаларига қайтарилади.
Зарур ҳолларда ўқувчиларнинг ота-оналари билан тезкор боғланишини таъминлаш мақсадида мактаб фойесида «Навбатчи телефон» хизмати йўлга қўйилган. Бу таълим жараёнига халақит бермаган ҳолда ўзаро алоқани таъминлаш имконини бермоқда.
[gallery-32719]
Таълим муассасаларида жорий этилаётган бундай тартиб ўқувчиларнинг интизомини мустаҳкамлаш, вақтдан унумли фойдаланиш, билимларни пухта ўзлаштириш ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА