Янги Ўзбекистон боғи кўркам маскан бўлади
Президентимизнинг 2022 йил 11 мартдаги “Наманган шаҳрида “Янги Наманган шаҳарчаси” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Наманган вилоятининг Давлатобод тумани ҳудудида 30 минг оила учун мўлжалланган 330 кўп қаватли уй, мактаб, боғча, шифохона, кичик саноат зоналари, хизмат кўрсатиш объектларини қамраб олган “Янги Наманган” шаҳарчаси бунёд этилмоқда.
– Мазкур қарор ижроси доирасида 58 гектар майдонда Янги Ўзбекистон боғи барпо қилиш ишлари жадал олиб борилмоқда, – дейди “Янги Ўзбекистон боғи” дирекцияси раҳбари Расулжон Исмоилов. – Умумий қиймати 90 миллиард 666 миллион сўмни ташкил этадиган муҳташам боғ ҳудудида уч босқичда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари доирасида анвойи гуллар экиш, ташқи коммуникация, йўл қурилишидан ташқари 2400 ўринли амфитеатр, автотураргоҳ, йигирмага яқин савдо шохобчаси, болалар майдончаси, бешта кафе- ресторан, миллий ўйинлар майдонлари қад ростлайди.


Қолаверса, 3,2 гектар сунъий кўл, учта фаввора, уч километр масофа бўйлаб велосипед йўлаги ҳам режалаштирилганки,бу янги боғ ҳуснига янада кўркамлик бағишлайди. Лойиҳанинг дастлабки босқичида ер ишлари кенг кўламда амалга оширилиб, шу кунларда амфитеатр қурилиши қизғин олиб борилмоқда. Мазкур маскан очилиши билан 63-халқаро гуллар фестивалининг асосий тантанали маросимларини ташкил этиш режалаштирилган.


Кейинги босқичда ташқи ички ичимлик ва оқова сув тармоқларини тортиш, кўкаламзорлаштириш майдонларини суғориш тизими, муҳандислик тармоқларини тортиш ишлари ҳам бажарилмоқда. Учинчи босқич доирасида эса боғ учун автомобиль йўллари қурилади.
Янги Ўзбекистон боғида “Яшил макон” умуммиллий дастури ижросини таъминлаш мақсадида кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Жорий йилда ҳудудга 10 минг тупдан зиёд манзарали, ноёб ниҳоллар экилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозир 3 минг тупдан зиёди ўтқазилди.


Қурилаётган Янги Ўзбекистон боғи аҳоли гавжум тўпланадиган севимли масканлардан бирига айланади. Боғ ҳудудига туташ 10 гектар ер майдонида тўққиз ва ундан юқори қаватли тураржойлар бунёд этилади.
Бундай улкан ўзгаришлар “миллионли шаҳар” сари дадил одимлаётган Наманганнинг ҳар томонлама инфратузилмаси тараққий этган “мегаполис”га айланишига хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири