Янги ўзбек алифбоси ва миллий сертификат: имтиҳонда қайси ёзувда жавоб бериш керак?
Мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш борасида тизимли чоралар амалга оширилди.
Хусусан, 2026 йил 21 октябрда қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунга асосан бу борада бир қанча муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Янги ўзбек алифбосини жорий этишга оид қонун имзолангани муносабати билан абитуриентлар ва миллий сертификат имтиҳони иштирокчиларида савол туғилиши табиий: энди тест топшириқлари қайси алифбода берилади, эссе ва очиқ турдаги саволларга жавоблар қайси ёзувда ёзилиши керак?
Соҳа мутахассислари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳозирги миллий сертификат имтиҳонларида амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан фойдаланилади.
Қайд этилишича, 2026 йил 24–26 октябрь кунлари мамлакатнинг барча ҳудудларида она тили ва адабиёт фанидан миллий сертификат имтиҳонлари бўлиб ўтади. Имтиҳонга тайёргарлик кўраётганлар учун алифбо масаласидаги ушбу тушунтириш муҳим аҳамиятга эга.
Тест топшириқлари қайси алифбода берилади?
Имтиҳон материаллари амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланган. Шу боис иштирокчилар тест саволларини ҳам шу ёзувда ўқийди. Фақат тест саволларини ўқишда эмас, жавобларни ёзишда ҳам амалдаги алифбо талабларига риоя қилиш лозим. Жумладан, очиқ турдаги тест топшириқларига жавоблар, ёзма иш — эссе ишларида ҳам мазкур талаб қўлланилади. Демак, имтиҳон иштирокчилари янги алифбога ўтиб кетишга шошилмаслиги, ёзма ишларини амалдаги лотин алифбосида бажариши керак.
Янги алифбо қачон кучга киради?
Янги ўзбек алифбосини жорий этишга оид қонунда унинг олти ойдан сўнг кучга кириши белгиланган. Шунинг учун ҳозирги имтиҳонларда амалдаги алифбо қўлланилади, янги алифбога оид тартиб эса қонунда белгиланган муддатдан кейин кучга киради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА