Янги ўқув йилидан 326 та мусиқа ва санъат мактабидаги ўқитувчиларнинг ойлиги ҳам умумтаълим мактаблари билан бир хил бўлади
Энди умумтаълим ва мусиқа мактаби ўқитувчилари иш ҳақига ўқувчиларининг чолғуларни қай даражада ижро этишига қараб, 20 фоизгача устама тўланади.
Янги ўқув йилида камида 1,5 миллион ўқувчини мусиқа ва санъатга жалб қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун 326 та мусиқа ва санъат, 29 та ихтисослашган мактаб билан умумтаълим мактаблари ўртасида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Мусиқа ва санъат мактабларининг ижодий жамоалари умумтаълим мактабларида мунтазам концерт-томоша дастурлари ва маҳорат дарсларини ўтказиб бориши зарурлиги қайд этилди.
Ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс йўналишида умумтаълим мактаблари ўртасида туман, вилоят, республика даражасида танловлар ўтказилади. Уларнинг ижод маҳсулини республика бўйича тарғиб қилиш, саҳна декорациялари ва либослари, мусиқа асбоблари олиш учун 500 миллион сўмдан грант берилади.
Шунингдек, республика танлови ғолиблари маданият ва санъат олийгоҳларига ўқишга қабул қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви давом этмоқда.
ЎзА