Янги ўқув йили янги бинода бошланди
2024-2025 ўқув йили олдидан Самарқанд вилоятидаги 90 та мактабда реконструкция, 12 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди, 4 та янги мактаб қурилмоқда. Бунинг учун 446,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Ушбу қурилиш-реконструкция ишлари натижасида вилоятда 24 мингга яқин янги ўқувчи ўрни яратилди.
Жумладан, Пастдарғом тумани Зангибойи маҳалласидаги 75-умумий ўрта таълим мактаби учун бюджетдан 3,7 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 260 ўринли янги бино барпо этилди. Бугун мактаб жамоаси янги ўқув йилини ушбу бинода бошлади.

Туманнинг Санчиқул маҳалласида жойлашган 123-мактабнинг 220 ўринли қўшимча биноси ҳам янги ўқув йилида ўқувчиларга чинакам совға бўлди. 1,2 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан бунёд этилган бинонинг тантанали очилиш маросимида туман сектор раҳбарлари ва фаоллар иштирок этиб, давлатимиз томонидан таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, бугун мазкур туманнинг Пўлатчи маҳалласида инглиз тилига ихтисослашган 240 ўринли хусусий мактаб ҳам фаолият бошлади.

– Мустақиллик байрами тантанасида Президентимиз халқимизни табриклар экан, ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътибор бешта устувор йўналишга қаратилганини таъкидлади, – дейди Пастдарғом тумани ҳокими Шерзод Раҳмонов. – Бунда аввало сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш зарурлиги, муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда, ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир, деб қайд этди. Туманимизда янги мактаблар, қўшимча бинолар қурилаётгани, таълим муассасалари моддий-техника базаси мустаҳкамлаётгани ҳам ана шу эътибор натижасидир. Бинобарин, энг яхши инвестиция – таълим соҳасига, фарзандлар таълим-тарбиясига киритилган инвестициядир.
Мустақиллик байрами кунларида туманда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида Гўзалкент маҳалласида “Касб-ҳунар маркази” ҳам фойдаланишга топширилди. Бу ерда ишсиз аҳоли ҳамда ёшларга зардўзлик, тикувчилик, ёғоч ўймакорлиги, юмшоқ ўйинчоқлар ясаш ҳамда бошқа ҳунарлар ўргатилади.


Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири