Янги ўқув йили режалари белгилаб олинди
Жиззах вилоятида “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” шиори остида педагог ходимларнинг устозлар миллий форуми бўлиб ўтди.
Жиззах шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ташкил этилган тадбирда форум таълимда етакчи бўлган халқаро ва миллий экспертлар қамрови, мавзуларнинг хилма-хиллиги, иштирокчиларнинг таркиби билан анъанавий тадбирлардан фарқ қилганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Учинчи устозлар миллий форумининг вилоят босқичидаги ўқув машғулотларини форумнинг Республика босқичи ўқувларида иштирок этиб, тренерлик сертификани олган 14 нафар тренер-ўқитувчи олиб боради. Тадбирнинг вилоят босқичида тренер-ўқитувчилар тайёрлаш мақсадида ҳудудлардан жами 300 нафарга яқин илғор, тажрибали, юқори натижаларга эришган фан ўқитувчилари танлаб олинди.
Машғулотлар 18 та шуъбада етакчи тренерлар томонидан “Мактабгача таълим сифатини баҳолаш тизимини таъминлаш ва “MЕLKO ” халқаро ўлчов воситасини жорий этиш”, “Янги ўқув йили учун ишлаб чиқилган ўқув режа, тақвим-мавзу режа ҳамда тавсиялар”, “Тажриба-синов мактабларида танлов фанларининг самарали жорий этилиши – методик таъминот”, “Касбий ривожлантириш кунини ташкил этиш”, “Янги баҳолаш тизимини амалиётга тадбиқ этиш йўллари” каби хилма-хил мавзуларда иш олиб борилди.
– Форум иштирокчилари дарсликлардаги ўзгаришлар, ўқитишнинг янгича ва замонавий услублари, янги методлар билан танишдилар, – дейди Жиззах шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Дурбек Носиров. – Шунингдек, АКТ воситасида ўқитиш ва ўрганиш, ўқувчиларга йўналтирилган ва лойиҳага асосланган таълим ёндашуви, профессионал мулоқот, форматив фикр-мулоҳазалар ва баҳолаш, ижодий ва танқидий фикрлаш, таълим сифатини янада оширишнинг устувор йўналишларини белгилаш, Ўзбекистон таълим тизимидаги сўнгги ўзгаришлар каби мавзуларда жуда керакли маълумотларга эга бўлдилар. Ушбу миллий форумнинг шаҳар ва туман босқичлари жорий йилнинг 23-24 август кунлари “kaskad” усулида ўтказилиши белгиланган.
– Бугунги кунда ўқитувчиларимизнинг нуфузини оширишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда,. – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шоҳида Даманова. – Шунга мос тарзда, таълим сифатини ошириш, чет тилларини пухта ўрганиш, молиявий саводхонликка эга бўлиш ҳамда амалиётга боғлаган ҳолда дарс ўтиш замон талабига айланиб бормоқда. Таълим сифатини ошириш учун ўқувчиларга нафақат бугун, балки эртага зарур бўладиган билим ва кўникмаларни бериш кун талабидир. Умид қиламизки, бугунги форум янги ўқув йили олдидан олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб олиш учун ўзига хос майдон вазифасини бажаради.
[gallery-18822]
Форум якунида 2023-2024 ўқув йилида таълим сифатини ва самарадорлигини оширишда соҳа ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, илғор иш тажрибасига эга ўқитувчилар ҳамда тарбиячилар вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари билан тақдирланади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА