Янги қонун аҳамиятига бағишланди
2019 йил 6 декабрда қабул қилинган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси мутасаддилари брифинг ўтказди.
2019 йил 6 декабрда қабул қилинган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раисининг ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллий ва халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ этишга оид чора-тадбирлар такомиллашаётгани, мазкур ўзгаришлар самарасида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясига янгича ёндашув кузатилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида“ги қонунини ишлаб чиқишда халқаро ҳуқуқий нормалар, Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари, ривожланган давлатлар тажрибаси, миллий амалиёт ва қонунчилигимиз инобатга олинди. Шунга асосан Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларига мос тарзда касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатлари, касаба уюшмаларига бирлашиш имкониятлари кенгайтирилди. Шунингдек, қонунга касаба уюшмалари органларини давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоялашда асосий институтлардан бири бўлган касаба уюшмаларининг меҳнат инспекцияларини қайта тиклаш, меҳнат соҳасида ижтимоий шерикчилик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни қонуний мустаҳкамлаш каби меъёрлар киритилди.
“Касаба уюшмалари тўғрисида“ги янги қонунда фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш имконияти кенгайди. Шунингдек, янги қонунга мувофиқ касаба уюшмалари нафақат корхона ва ташкилотларда, балки бошқа жойларда ҳам тузилиши белгилаб қўйилди.
Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилотининг 98-сонли конвенциясига кўра, иш берувчилар касаба уюшмаси таъсисчиси ва сайлаб қўйиладиган органи аъзоси бўла олмайди. Шунингдек, касаба уюшмаларига иш берувчилар ташкилотлари ва сиёсий партияларга молиявий кўмак бериш тақиқланади. Бу меъёр касаба уюшмалари мустақиллигини таъминлаш мақсадида кўзда тутилган бўлиб, “Касаба уюшмалари тўғрисида“ги янги қонун лойиҳасида мазкур жиҳатлар ҳам эътиборга олинди ва бу касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотларининг бир-биридан мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
“Касаба уюшмалари тўғрисида“ги янги қонунда касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари белгилаб қўйилди. Булар қонунийлик, ихтиёрийлик, камситишга йўл қўймаслик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқлик тамойилларидир.