Янги Наманганда сув таъминоти яхшиланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Янги Наманган туманида ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида сув таъминотини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
Лойиҳа доирасида туманнинг “Ёшлик” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Мустақиллик” сув иншоотида мавжуд 1000 куба сиғимга эга сув ҳовузи таъмирланиб, қўшимча яна 1000 куба сиғимга эга янги ҳовуз қурилмоқда. Натижада, Янги Наманган тумани ҳудудидаги Ёшлик маҳалласининг Ҳумо, Сарбон, Тараққиёт, Достон, Исломобод кўчалари ҳамда Мустақилликнинг беш йиллиги маҳалласининг Юксалиш, Ойсара, Офарин кўчаларидаги 5465 нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади.
Мустақилликнинг беш йиллиги маҳалласи ҳудудидаги Саховат кўчасида эса сиғими 4000 минг кубали “Бўстон сув узатиш иншооти” барпо этилмоқда. Мазкур иншоот ишга тушгач, тумандаги Мингтерак, Ахсикент ҳамда Мустақилликнинг беш йиллиги маҳалласи аҳолисининг ичимлик сувига бўлган талаби қондирилади.
Дастур доирасида Д-500 мм бўлган 128 метр ичимлик суви тармоғи ҳам янгиланади. Натижада эса ҳудуддаги 2858 та хонадон, 17020 нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланишига эришилади. Бундан ташқари, 905 та хонадон ёки 4050 нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади.
Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаев жойларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳолатини ўрганди. Дастлаб, Оромгоҳ массиви ҳудудидан оқиб ўтувчи Катта Наманган канали устидаги кўприкда олиб борилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари кўрилди.
[gallery-16789]
Узунлиги 34 ва эни 13 метр бўлган ушбу объект 30 метргача кенгайтирилиб, замонавий кўринишга келтирилмоқда. Бунинг учун 6 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарф этилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда ер қозиқлари ўрнатиб бўлинди, қурилиш-монтаж ишлари эса давом этмоқда.
Шунингдек, 4Р-214 “Наманган - Қозоқовул – Косонсой” автомобиль йўлининг Саховат маҳалласи ҳудудидаги қисмида ҳам йўл созлаш ишлари олиб борилмоқда, ҳозирда бу ерда энг юқори, 3-қатлам асфальт босиш ишлари амалга оширилмоқда.
Туман ҳокими иш жараёнини сифатли ва белгиланган муддатда якунига етказиш бўйича масъулларга зарурий кўрсатма берди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА