Янги Наманган тумани ташкил этилади
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида Наманган шаҳар бўйсунувида Янги Наманган туманини ташкил этиш таклифини билдирган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Ушбу таклиф халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг ҳамда Наманган вилояти Кенгашининг қарорлари билан маъқулланган.
Янги туман ташкил қилиниши билан саноат ва ишлаб чиқаришдаги ролини ошириш бўйича янги туман ҳудудида 16 та саноат корхоналари ва 4 та кичик саноат зонаси барпо этилади. Ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида 245 млрд. сўмлик 62 та лойиҳада 2600 та янги иш ўринлари яратиш белгиланмоқда.
Маълумки, 2020 йилда Наманган вилояти Наманган шаҳар таркибида Давлатобод тумани ташкил этилган эди. Қайд этиш керак, айни пайтда мазкур ҳудудда янги инфратузилма объектлари барпо этилиб, аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада яхшиланмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар ҳам аҳоли турмуш даражаси юксалишига қулай шарт-шароитлар яратади, шу билан бирга, бандликни таъминлаш, саноатни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари сонини оширишга хизмат қилади.
Мажлисда халқ вакиллари Янги Наманган туманини ташкил этиш бўйича Қонунчилик палатасининг қарорини бир овоздан қабул қилдилар.
Н.Насриев, ЎзА