“Янги нафас” – “Save Aral” марафонида аҳоли фаол қатнашди
Ангрен шаҳрида “Янги нафас” дастури доирасида велопойга, оммавий югуриш ва юриш мусобақалари бўйича “Save Aral” марафони ўтказилди.
Ўзбекистон енгил атлетика ва триатлон федерациялари, Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Тошкент вилояти ва Ангрен шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирларни тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилди
Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан республикамизнинг 19 та шаҳри бўйлаб “Янги нафас” дастури доирасида шундай марафон ва юриш бўйича оммавий тадбирлар ташкил этилаётир.

Эрта тонгдан шаҳар аҳолиси “Тараққиёт” маҳалласининг Ибн Сино кўчасига йиғилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими ва спорт ишлари бўлимлари ходимлари, секторлар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинларидан аҳолининг турли қатламлари марафонда иштирок этди. Тадбирнинг очилиш маросимида Ангрен шаҳар ҳокими Шукурулла Маҳмудов барчага омад тилади. Шундан сўнг марафонга старт берилиб, дастлаб велопойгачилар мусобақаси бошланди. “Истиқлол”-”Бунёдкор” кесишмасигача бўлган масофани босиб ўтишда қатнашчилар югуриш, юриш бўйича беллашди..

Шаҳар ҳокимлиги биноси олдидаги “Истиқлол” майдонида “Янги нафас” дастури доирасида “Save Aral” марафони ва юриш бўйича ғолибликни қўлга киритган ўндан ортиқ спортчилар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Ташкилотчилар томонидан “Энг ёши катта иштирокчи” ва “Энг ёш иштирокчи” номинациялари бўйича ғолиб бўлган иштирокчиларга ҳам эсдалик совғалар улашилди.