"Yangi nafas" марафони водийда кўтаринки руҳда ўтади
Наманганда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган куннинг 32 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган “Yangi nafas” спорт оммавий югуриш мусобақасига тайёргарликнинг боришига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари вакиллари, масъул мутасадди ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган анжуманда сўз олган ҳар уч вилоятнинг масалага дахлдор мутасаддилари шу йилнинг 19 ноябрь куни ўтказиладиган оммавий югуриш мусобақаларини уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича ўз ҳудудларида олиб борилаётган ҳозирлик ҳақида ахборот берди.

Таъкидлаш жоизки, бундай форматдаги оммавий югуриш мусобақалари Марказий Осиё давлатлари ўртасида фақат Ўзбекистонда ўтказилади ва минтақадаги энг оммабоп спорт мусобақаси бўлиб ҳисобланади.

– Тўрт йилдан буён ўтказиб келинаётган ва соғлом турмуш тарзи асоси бўлган оммавий югуриш мусобақаларига юртдошларимизнинг қизиқиши тобора ортиб бормоқда, – дейди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев. – Буни, жумладан, ўтган вақт ичида юртимизда марафон қатнашчилари қарийб ўн бараварга ортганида кўриш мумкин. Келаётган якшанбада бўлиб ўтадиган югуриш беллашувларида 150 мингга яқин киши 14 та ҳудуднинг 16 та шаҳрида белгилаб қўйилган уч километрлик масофани босиб ўтади.

Хусусан, водий вилоятларининг ҳар бирида ўн мингдан фуқаро югуришга чиқади. Айни пайтда тадбирнинг барча босқичларини сифатли тайёрлаш бўйича ҳокимликлар ва ваколатли бошқармалар иштирокида ташкил этилган тезкор штаблар фаол иш олиб бормоқда. Жойларда фуқароларни давлатимиз байроғи қабул қилинган шонли санага бағишланган йирик спорт тадбирига кенг жалб этиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирлари қизғин олиб борилмоқда.

Маълумот учун: “Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақаси Республикамизнинг 15 та шаҳрида 3 километр, пойтахтимиз Тошкентда эса 3 ва 10 километр масофалар бўйлаб ўтказилади. Анъанага мувофиқ, Наманган шаҳрида Амир Темур кўчаси олдидан олдидан “Уч фаввора” хиёбонигача бўлган масофа старт ва финиш нуқтаси сифатида белгиланди. Барча ҳудудларда мусобақага 19 ноябрь куни соат 08:00 да старт берилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири