Янги Мудофаа ишлари бўлими биноси фойдаланишга топширилди
Гулистон туманида замонавий талабларга жавоб берадиган янги Мудофаа ишлари бўлими биноси фойдаланишга топширилди. Иншоот Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги «Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида барпо этилди.
Тантанали очилиш маросимида Тошкент ҳарбий округи қўмондони ўринбосари, подполковник Нозимжон Бултуров, туман ҳокими ўринбосари Хуршид Челибоев, мудофаа тизими фахрийлари, соҳа ходимлари, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда «Жасорат мактаби» ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий-маъмурий инфратузилмани модернизация қилиш, ҳарбий хизматчилар учун муносиб хизмат шароитларини яратиш ҳамда ёшларни Ватанга садоқат ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ислоҳотларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, янги бино қурилишида фаол иштирок этган қурувчилар меҳнати муносиб эътироф этилиб, уларга миннатдорлик билдирилди. Шундан сўнг рамзий лента кесилиб, иншоот расман фойдаланишга топширилди.

Шундан сўнг, маросим иштирокчилари бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Қайд этилганидек, замонавий хизмат хоналари, қулай иш муҳити ва мустаҳкам моддий-техник база Мудофаа ишлари бўлими ходимларининг самарали фаолият юритиш учун мустаҳкам замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири