Ветеринария таълимида қўшма магистратура дастури жорий этилади
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси ўринбосари Фурқат Жалилов бошчилигидаги делегация беларуслик мутахассислар билан учрашди.
Самарқанд давлат ветеринария тиббиёти, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳамда Витебск давлат ветеринария тиббиёти академияси ўртасида ветеринария йўналишида 1+0,6 форматидаги қўшма магистратура дастури йўлга қўйилади.
Унга кўра, магистрантлар таълимнинг биринчи йили Самарқандда таҳсил олиб, кейинги 0,6 йил давомида Беларусда ўқишини давом эттиради. Мазкур муддат давомида тингловчилар илмий тадқиқотлар олиб боради ҳамда магистрлик диссертациясини тайёрлайди. Бу эса, уларга халқаро тажриба ва замонавий илмий ёндашувларни ўрганиш имконини беради.
Музокоралар чоғида “Double Science” қўшма илмий дастурини йўлга қўйишга ҳам келишилди. Ушбу дастур доирасида таянч докторантура (PhD) ва докторантура (DSc) босқичида таҳсил олаётган изланувчилар учун қўшма илмий раҳбарлик (Co-supervision) тизими жорий этилади. Бу эса илмий тадқиқотлар сифатини ошириш, халқаро илмий алоқаларни кенгайтириш ва ёш олимларнинг салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам беради.
Ветеринария йўналишининг юқори босқич талабалари учун ҳам амалиётни Беларусь Республикасининг чорвачиликка ихтисослашган хўжаликларида олиб бориш имконияти муҳокама этилди. Бундай тажрибани “Working and Travel” дастури асосида ташкил этиш режалаштирилмоқда. Дастур доирасида талабалар ветеринария хизматларини кўрсатиш бўйича амалий тажриба орттириш билан бирга, ҳақ тўланадиган амалиётда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Г.Бобоева,
ЎзА