Янги марказ эшитишида, нутқида, таянч ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлганларга ёрдам беради
Ҳозирги кунда факультетда кундузги, кечки, махсус сиртқи ва сиртқи таълим йўналишлари йўлга қўйилган.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Махсус педагогика факультетида республиканинг махсус таълим соҳаси учун юқори касбий тайёргарликка эга бўлган кадрлар тайёрланади. Бугунги кунда ушбу даргоҳ кадрлари республикамиз махсус таълим соҳасининг барча йўналишлари, яъни сурдопедагогика, логопедия, олигофренопедагогика соҳаларида имконияти чекланган болаларга таълим берувчи мутахассис сифатида фаолият юритиб келмокда.
Эътиборли жиҳати шундаки, Махсус педагогика факультети битирувчиларига махсус мактаб-интернатлари, умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ишга қабул қилиш бўйича олдиндан буюртмалар портфели миқдори йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Ҳозирги кунда факультетда кундузги, кечки, махсус сиртқи ва сиртқи таълим йўналишлари йўлга қўйилган. Бундан ташқари, магистратура бўлимида ҳам олигофренопедагогика, логопедия, сурдопедагогика мутахассисликлари бўйича мутахассис кадрлар тайёрланмоқда.
Факультетда 3 та кафедра – олигофренопедагогика, логопедия, сурдопедагогика мавжуд бўлиб, жами 40 нафардан ортиқ профессор- ўқитувчилар фаолият юритади. Талабаларга хорижий мамлакатлар тажрибасидан, хусусан, Исроил, Америка, Россия, Украина, Козоғистон, Литва давлатларидаги жаҳон андозаларига мос келадиган дефектология фанига оид замонавий технологиялардан, таълим-тарбия усулларидан самарали фойдаланиб билим берилмоқда. Шунингдек, педагогиканинг мураккаб йўналиши дея ном олган дефектология таълим йўналишининг ўзига хос талаблари, педагоглик маҳорати, меҳр ва эътиборга муҳтож болалар қалбига йўл топиб таълим-тарбия бериш усуллари ҳамда интеллектида нуқсони бўлган болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш сир-асрорларини икки тилда (ўзбек ва рус) ўргатиб келмоқдалар.
Факультетда 40 га яқин тўгарак фаолият юритади. Бу талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда аҳамиятлидир.
Жорий ўқув йилида сурдопедагогика кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ривожланишида турли нуқсонларни коррекциялаш ва бартараф этиш мақсадида “Коррекцион ёрдам” маркази ташкил этилган. Ушбу марказ – эшитишида, нутқида, ақлий, психик ривожланишида, таянч ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлган ҳамда кохлеар имплантли шахсларга коррекцион ва психологик ёрдам кўрсатади.
2019-2020 ўқув йилида факультетнинг олигофренопедагогика йўналиши талабаси Шаҳноза Саматова ўз билим ва иқтидорини намоён қилиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. У кўплаб шаҳар ва республика миқёсидаги танловлар совриндори. Шаҳноза Саматова бўлажак дефектолог бўлиши билан бир қаторда иқтидорли ёш спортчи ҳамдир. Жиддий ва самарали ҳаракати, меҳнатлари натижасида мамлакатимиз ва Осиё ҳамда халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. У спортнинг таэквондо (ITF) тури бўйича мураббий, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси.
Умуман олганда, дефектология йўналишининг имкониятлари катта. Хорижлик талабаларга шартнома пули атиги 2 минг 500 доллар бўлиб, уларга барча шароит яратилган, ётоқхона ҳам берилади. Айниқса, бу қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистондан келган талабалар учун катта имконият.
2020-2021 ўқув йилида кундузги таълим шакли буйича давлат буюртмаси асосида Махсус педагогика факультетига жами 150 нафар талаба қабул қилинади. Шунингдек, кечки таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида 100 та ўринга қабул квотаси эълон қилинди.
Дилором АДИЛОВА,
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети
Махсус педагогика факультети декани ўринбосари