Янги мактабда ўқув йили онлайн бошланди
Сергели туманидаги 285-умумтаълим мактабида эса ўқув жараёни онлайн бошланди. Мазкур мактабда 2 минг 268 нафар ўқувчи ўқийди.
Пандемия билан боғлиқ мураккаб шароит ҳаётнинг барча жабҳалари, шу жумладан, таълим тизимига ҳам ўз таъсирини ўтказди.
Санитария-эпидемиологик жиҳатидан қийин вазиятда аҳоли, айниқса болаларни коронавирус инфекциясини юқтириб олишдан асраш, шунинг баробарида ўқувчи-ёшларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш мақсадида жорий ўқув йилига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Аввал хабар берганимиздек, 2020/2021 ўқув йили расман бугун – 14 сентябрь куни бошланди. Юртимиздаги 2 минг 635 та умумтаълим мактаби ўқувчиларни қабул қилиб олмоқда.
Сергели туманидаги 285-умумтаълим мактабида эса ўқув жараёни онлайн бошланди. Мазкур мактабда 2 минг 268 нафар ўқувчи ўқийди.

– Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфидаги 16 та умумтаълим мактаби қаторида таълим муассасамиз ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарилди, – деди мактаб психологи Гулзода Боймуродова, – Тўғри, коронавирус балоси таъмирнинг янги ёки эскилигига қарамайди. Шу боис мактабимиз санитария-гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланди. Ўқувчиларнинг мактабга келишидан тортиб, ўқув жараёни ва то уйига кетгунларига қадар карантин қоидаларига роия қилиши учун барча зарур чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, ўқувчиларнинг мактабга келиш, танаффус ва дарс жараёнида оралиқ масофа сақлаши, ҳимоя ниқобида бўлиши, синф хоналарнинг ҳавосини алмаштириш каби карантин талаблари бажарилиши таъминланади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, тез орада мактабимизда анъанавий таълим йўлга қўйилиши мумкин.
Мактаб маъмурияти маълумотига кўра, бинонинг таъмирлаш ишларига 7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Қисқа – 4 ой ичида мактабнинг том қисми, барча синф хоналари, спорт зали ва ошхонаси таъмирланди. Сунъий қопламали, яшил футбол майдончаси барпо этилди.
Мактаб уч қаватли бўлиб, 1 минг 251 ўқувчи таълим олишига мўлжалланган. Бундан ташқари, махсус тўгарак хоналари, чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик ва мусиқа хонаси замонавий жиҳозланган. Мактаб шинам, ёруғ ва бадиий адабиётларга бой кутубхонасига эга.