Янги лойиҳалар мамлакат ривожида муҳим омилдир
Президент топшириғи амалда
Ҳозирда Тошкент вилояти бўйича 22,4 мингта хизмат кўрсатувчи корхоналар фаолият юритиб келмоқда. Ўтган йилда жами 56,3 триллион сўмга тенг хизматлар кўрсатилиб, бунда вилоятнинг республикадаги улуши 6,9 фоизни ташкил қилган ҳолда, мамлакатимизда учинчи ўринни эгаллаган.
Президентимиз 7 февраль куни ўтказилган ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида туманларнинг сервис имкониятларини ривожлантириш, ёшларни IT ва чет тилига ўқитиб, халқаро тан олинган сертификат берадиган тадбиркорларга қулайлик бериш борасида топшириқлар берди.

Таҳлилларга кўра, Тошкент вилоятида ҳам айнан ўтган йилга нисбатан энг юқори ўсиш суръати таълим соҳасида, алоқа ва ахборотлаштириш хизматларида кузатилди.
– Ҳудуд бўйича таълим соҳасида 466 та тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда, – дейди Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Отабек Турсунов. – Уларда жами 1 миллиард 523,6 миллион сўмлик хизмат кўрсатилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш сурати 140,1 фоизга бажарган. Шунингдек, бу фаолиятни кенгайтириш ҳамда янги 66 та хизмат кўрсатиш субъектларини ташкил этилиши ҳисобига янги иш ўринлари яратилишига эришилди.
Жумладан, Бўка туманидаги “BUKHARA TEACHING” МЧЖ томонидан хусусий мактаб ташкил этилиб, 50 та янги иш ўринлари яратилди ва 600 нафар ўқувчи таълимга қамраб олинди.
Бундан ташқари, вилоятнинг Чирчиқ, Олмалиқ, Нурафшон шаҳарлари ва Янгийўл, Бекобод туманларида немис тилига ихтисослаштирилган марказлар ўз фаолиятини бошлайди. Кейинги 2 ойда эса бошқа шаҳар ва туманларда ҳам ушбу марказ филиалларини кенгайтириш кўзда тутилган. Режа бўйича жами минг нафар фуқаро ўқитилади ва Германияда расмий ишлаш учун тегишли давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб борилади.

Шунингдек, тиббиёт соҳасида ҳам жорий йил тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада ривожлантириш ва аҳолига сифатли ва арзон хизмат кўрсатиш ҳажми оширилди. Масалан, Қибрай туманидаги “DOKTOR-ASHUROV” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 11,2 миллиард сўм бўлган тиббиёт марказини ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиб, турли йўналишларда беморлар қабул қилина бошланди. Оҳангарон туманида “LEMNISCATE GLOBAL” хусусий фирмаси томонидан тиббиёт ўқув соғломлаштириш маркази ташкил этилди. Ҳозирда марказда малакали 40 нафар мутахассис фаолият олиб бормоқда.
Бундан ташқари, Бекобод шаҳрида уч қаватли бинода хусусий туғруқ комплекси қурилди. Бугунги кунда бу ерда жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу клиника 100 ўринли бўлиб, замонавий янги клиник технологиялар билан жиҳозланади.
Бир сўз билан айтганда, келгусида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли янги лойиҳалар борасидаги изланишлар янада кенгаяди.
А.Мусаев, ЎзА