Янги лойиҳалар иш унумдорлигини оширмоқда
Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги Шимолий кон бошқармаси “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖда ўз ўрнига эга бўлган корхоналардан биридир.
Бу заминнинг ҳар қарич ери тиллога тенг бўлиб, ҳудуд олтин ва уран конлари билан машҳур. “Шарқий” ва Довгизтов конлари эса мустақил Ўзбекистон тарихидаги дастлабки конлардан ҳисобланади. Ҳозирги вақтда бошқарманинг икки йирик конида қазиб олиш лойиҳасининг 2-навбати бўйича 28 та карьерда кон ишлари олиб борилмоқда. Биргина “Шарқий” конидан йилига 4 миллион тонна сульфидли маъдан қазиб олиниб, 3-гидрометаллургия заводида қайта ишланади.
– 3-гидрометаллургия заводи – мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида фойдаланишга топширилган кончилик ва металлургия соҳасидаги биринчи йирик саноат корхонасидир, – дейди завод директори Шуҳрат Норбадалов. – 1995 йил 14 июнда 3-гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилган. Шу вақтга қадар Учқудуқда фақат уран қазиб олинган бўлса, янги завод ишга туширилгач, олтин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Завод илк ишга тушган йилда 1 миллион 200 минг тонна хомашё қайта ишланган бўлса, 2021 йилда мазкур рақам 8 миллион тоннани ташкил этди.

Бугунги кунда заводда “Кокпатас” ва “Довгизтов” конларидан қазиб олинган олтин таркибли маъдан қайта ишланади. 2003 йилдан бошлаб корхонада дунёда ягона бўлган Жанубий Африка Республикасидаги биотехнология усули – бактериялар ёрдамида рудани қайта ишлаш жараёнини ташкил этишга катта қизиқиш билдирилди. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2008 йилда ишга туширилган бўлса, 2011 йилда иккинчи босқич фойдаланишга топширилди.
2019 йилда эса “Кўкпатас” ва “Довгизтов” конларининг сульфид маъданларидан олтинни ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш” инвестиция лойиҳаси асосида заводда чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланган фильтрлаш, қуритиш ва қуйдириш бўйича янги юқори технологияларга асосланган мажмуа ишга туширилди. Бу цех дунёда ягона ҳисобланиб, чиқиндилар қайта ишланиб, йилига бир тонна миқдорида қўшимча олтин олинмоқда.
– Янги лойиҳа табиий ресурслардан тўлиқ фойдаланишни кўпайтириш ва ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ҳамда чиқиндига чиқиб кетадиган олтин миқдорини икки баравар камайиш имконини берди, – дейди Ш.Норбадалов. – Умуман олганда завод ишга туширилган йилга нисбатан корхонанинг маъдан қайта ишлаш бўйича йиллик унумдорлиги 6 баробардан кўпроқ, олтинни ярим тайёр ҳолатида ишлаб чиқариш эса 5 баробар ошди. Дастлабки лойиҳага асосан янги куйдириш мажмуасида олтинни ажратиб олиш даражаси 62 фоиз деб белгиланган. Ушбу кўрсаткичга янги мажмуа ишга туширилгандан олти ой ўтгач эришилди. 2021 йил охирига келиб эса олтинни ажратиб олиш даражаси 73 фоизга етказилди.

2022 йилнинг 10 ойи якунига кўра, заводда маъданни қайта ишлаш режаси 102,3 фоизга, ярим тайёр маҳсулотни ажратиб олиш даражаси 100 фоизга ва ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режаси 102,5 фоизга бажарилди.
Ҳозирги кунда фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехининг иш унумдорлигини ошириш ва сорбсия чиқиндисининг таркибидаги олтинни тўлиқ ва сифатли олиш мақсадида куйдирилган маҳсулот билан лаборатория шароитида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Лаборатория таҳлил натижалари таркиби оксидлар ва темир гидроксидлар билан боғланган олтинни кислота билан ишлов бериш ёрдамида ажратиб олиш имконини берди.
Завод мутахассислари томонидан ишлаб чиқаришда қўлланилган янгилик куйдирилган маҳсулотдан олтин ажратиб олишни 3 фоизга оширди. 3-ГМЗда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтирди. Бундай истиқболли лойиҳалар республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилаётганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
Абдували Бўриев, ЎзА.