Янги лойиҳалар ҳамкорлик ривожида муҳим
Халқаро молия институтлари, хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида “Корпоратив ривожланиш ва трансформация” дастурини амалга ошириш кўзда тутилган.
Тегишли ҳудудий сув таъминот корхоналари корпоратив бошқаруви ва фаолиятини ривожлантириш мақсадида “Ernst and Young Advisory” компанияси билан шартнома имзолаган.

“Ўзсувтаъминот” АЖда компания вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда бошқарув раиси ўринбосари в.б. Хуршид Раҳматуллаев ҳамда Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент шаҳри сув таъминоти корхоналари раҳбарлари видеоконференцалоқа шаклида иштирок этди.
Учрашув чоғида дастур доирасида ишларнинг амалга оширилиши муҳокама қилинди.
Хусусан, ЕТТБ томонидан молиялаштирилган сув таъминоти ва канализация тизимини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида “Ўзсувтаъминот” АЖ ва “Ernst and Young Advisory” компанияси ўртасида “Корпоратив ривожланиш ва трансформация” дастури доирасида консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома имзоланди.

Лойиҳага кўра, “Ўзсувтаъминот” АЖнинг тегишли ҳудудий сув таъминоти корхоналари фаолиятини таҳлил қилиш, тавсиялар ва бошқа ҳужжатлар билан ҳисоботлар тайёрлаш назарда тутилган.
Лойиҳанинг мақсади корхоналарнинг институционал, бошқарув, операцион ва молиявий салоҳиятини оширишдан иборатдир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири