Янги лойиҳа ва долзарб вазифалар
Маҳаллаларда хавфсиз ва осойишта муҳит давлат сиёсатининг устувор йўналишидир. Тошкент вилоятида бу борадаги тизимли ўрганишлар муҳим жиҳатларни юзага чиқарди.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли осойишталигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бу бўйича жойларда манзилли ишлаш тизимини йўлга қўйиш, маҳаллалар кесимида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2026 йил 5 январдаги "Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуруламал бўлмоқда.
Тошкент вилояти ҳокимлиги гуруҳ раҳбари Ф.Мирзаев ҳамда вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Э.Инамджанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Пискент туманининг бир қатор маҳаллаларида ишлар самарадорлиги ўрганилди. Жумладан, ўрганишлар туман раҳбарларига бириктирилган “Лолаариқ”, “Файзобод” ва “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилди.
Жараёнда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳамда “еттилик” фаолияти самарадорлиги таҳлил қилинди. Якуний натижалар юзасидан туман мутасадди раҳбарлари ва маҳалла еттилиги аъзолари иштирокида танқидий муҳокама ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, қарорлар ижросини сифатли таъминлаш бўйича вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Лолаариқ маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган сайилгоҳда ташкил этилаётган “Хавфсиз кўча” лойиҳаси билан ҳам танишди. Унда ташвиш тугмалари, замонавий видеокузатув камералари, Wi-Fi ҳудудлари ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш ишлари кўздан кечирилди.
Мутасаддилар томонидан мазкур лойиҳани янада такомиллаштириш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз шароитларни кенгайтириш юзасидан тегишли тавсия ва таклифлар берилди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири