Ахборот майдонининг янги нафаси
Факт ва фейк ўртасидаги масофа бир неча сония билан ўлчанадиган замонда журналистнинг билим ва маҳорати ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Жиззахда ташкил этилган “Медиа ҳафталик” ана шу талабдан келиб чиқиб, медиа соҳаси вакиллари учун тажриба, мулоқот ва инновациялар майдонига айланди.
Жиззахда беш кун давом этган “Медиа ҳафталик” нафақат билим ва тажриба алмашиш майдони, балки замонавий журналистика, рақамли коммуникациялар ва креатив ғояларни бирлаштирган муҳим платформалардан бирига айланди. Форум медиа соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, янги тенденцияларни ўзлаштириш ва профессионал ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Жиззах вилоятида ташкил этилган “Медиа ҳафталик” тадбирлари муваффақиятли якунланди. Беш кун давомида журналистлар, матбуот котиблари, блогерлар, SMM мутахассислари ва медиа соҳасининг фаол вакиллари бир майдонда жам бўлиб, соҳанинг бугуни ва эртаси ҳақида фикр алмашди.
Ҳафталик доирасида ташкил этилган семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ва амалий машғулотларда иштирокчилар замонавий контент яратиш технологиялари, сунъий интеллектнинг медиа соҳадаги имкониятлари, медиахавфсизлик, фактчекинг, рақамли коммуникациялар ҳамда аудитория билан самарали мулоқот ўрнатиш механизмлари бўйича билим ва кўникмаларини бойитди.
[gallery-29967]
Айниқса, ахборот оқими тобора шиддатли тус олаётган бугунги даврда ишончли манба билан ишлаш, сохта хабарларни аниқлаш ва сифатли контент тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса иштирокчилар учун назария ва амалиёт уйғунлашган ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтади.
“Медиа ҳафталик”нинг тантанали ёпилиш маросимида Контент тайёрлаш маркази директори ўринбосари Жаҳонгир Абдураҳмонов, “Ишонч” – “Доверие” газеталари бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов, Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилмурод Худойшукуров ҳамда медиа эксперт Беруний Алимовлар иштирок этишди.
Тадбир давомида ҳафталик доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, иштирокчиларнинг таассуротлари ва таклифлари тингланди. Соҳани янада ривожлантириш, профессионал ҳамкорликни кенгайтириш, янги медиа лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим фикр ва ташаббуслар илгари сурилди.
Форум якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Бу нафақат уларнинг фаол иштирокини эътироф этиш, балки замонавий медиа муҳитида янги билим ва тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига берилган муносиб баҳо бўлди.
Бир сўз билан айтганда, “Медиа ҳафталик” ахборот соҳаси вакилларини бирлаштирган, янги ғоялар туғилган, тажриба ва инновациялар уйғунлашган муҳим майдон сифатида ёдда қолди. Энг муҳими, у сифатли ва ишончли ахборот маконини шакллантириш йўлидаги эзгу мақсадларга хизмат қилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари