Янги корхонага тамал тоши қўйилди
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Туркиянинг “KOC CONSTRUCTION” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Тошкентдаги “PIRAMIT GLOBAL” хорижий корхонаси таъсисчиси Юсуф Сарикочни қабул қилди.
Қабулда Конимех туманида ташкил этилаётган “NAVOI AGROFOS” корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди.
Умумий қиймати 50 миллион АҚШ доллари бўлган корхона донадор фосфорит қазиб олиш ва қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, лойиҳани амалга ошириш учун “Қарақ-ата” ОФЙ ҳудудидан 10 гектар ер майдони ажратилган.
[gallery-16746]
– Мазкур лойиҳанинг 1-босқичи учун 15 миллион доллар миқдорида сармоя киритилган бўлиб, қурилиш ишлари 2024 йилнинг июль ойида якунланиши режалаштирилган, – дейди Юсуф Сарикоч. – Шунингдек, лойиҳамизнинг 2-босқичи ҳам мавжуд. 2-босқичга 35 миллион доллар миқдорида маблағ сарфланади ва 2025 йилда ишга туширилади.
Кенг жамоатчилик вакиллари, МЧЖ раҳбарияти ва масъуллар иштирокида корхонанинг қурилишига тамал тоши қўйилиши муносабати билан тантанали маросим ўтказилди.
Туркиялик тадбиркор Юсуф Сарикоч, Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев сўзга чиқиб, ушбу корхона туман иқтисодиёти ривожида ва янги иш ўринлари яратилишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди ва қурилиш ишларига старт берилди.
Мазкур лойиҳанинг ишга тушиши натижасида 100 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари