Янги гастрономик кўча иш бошлади
Андижон шаҳрида яна бир 24/7 тартибда ишлайдиган замонавий гастрономик кўча ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами олдидан Андижон шаҳридаги Қўшариқ маҳалласи ҳудудида андижонликлар ва шаҳар меҳмонлари учун яна бир қулайлик яратилди, 24/7 тартибда ишлайдиган замонавий, барча қулайликларга эга бўлган гастрономик – туризм кўчаси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Ушбу кўчада 50 дан зиёд музқаймоқ, салқин ичимликлар ва бошқа савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш объектлари, хушманзара дам олиш масканлари, ташкил этилиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
[gallery-29918]
Янги барпо этилган гастрономик кўча шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг кўнгилли дам олиш имкониятини кенгайтириш билан бирга, ҳудуднинг ободлиги ва шаҳарсозлик қиёфасини янада яхшилашга хизмат қилади.
– Замонавий, ўзига хос қиёфага эга мазкур кўча андижонликлар, айниқса, маҳалламиз аҳли учун ўзгача туҳфа бўлди, – дейди Қўшариқ маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Зарифахон Шокирова. – Фарзанд, набираларни етаклаб мана шундай обод, замонавий кўчада сайр қилиш шубҳасиз, ҳар қандай кишининг кўнглини кўтаради. Кундан кунга обод бўлаётган юртимизга асло кўз тегмасин.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари