Янги Фарғонага қўйилган "уч ҳайкал" (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27-28 апрель кунлари амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига ташриф буюрди.
Қувасой шаҳридаги “Crown Ceramic” Ўзбекистон – Хитой керамогранит плиталари ишлаб чиқариш корхонаси, Қува туманидаги Каркидон сув омбори ҳудудида барпо этилган сайёҳлик маркази, Фарғона шаҳридаги IT Park каби қатор янгидан бунёд этилган манзилларда бўлди. Мутахассис ва ёшлар билан фикр алмашди. Вилоят фаоллари билан учрашувда долзарб масалалар юзасидан мулоқот қилди.

Ташриф якунлари кенг жамоатчилик ўртасида ҳамон муҳокама қилинмоқда.
– Водий бўйлаб поезд қўйилган экан. Мен шу поездда муҳтарам Президентимиз билан Қўқондан Марғилонга бирга бордим, – дейди риштонлик меҳнат фахрийси Турсунхўжа Абдураҳмонов. – Ўртада самимий суҳбат бўлди. Менинг асосий мақсадим халқни рози қилиш, дедилар. Илмга, муаллимга эътибор ҳақида қайта-қайта гапирдилар. Бизнинг фикр ва таклифларимизни ҳам диққат билан тингладилар. Унга муносабат билдирдилар. Бу кун ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлиб қолди.

Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда барча соҳада “сакраш” рўй берди. Буни Фарғона вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Мана атиги бир неча рақам:
сўнгги йилларда вилоятда 8 миллиард 200 миллион доллар инвестиция ҳисобига 8 мингта замонавий қувват ишга туширилди. Тадбиркорлик учун 100 триллион сўм ресурс йўналтирилди. Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробарга, саноат 1,5 баробарга, хизматлар 3 баробарга ўсди. Асосийси, сўнгги тўрт йилда ишсизлик 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушди.
Қишлоқ хўжалигида 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор яратилди, яна 6 минг гектари янгиланди. Мева- сабзавот экспорти 3 карра ўсиб, 400 миллион долларга етди.

Аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида биргина 2025 йилда вилоятда 9900 хонадонли 219 та кўп қаватли уй-жойлар қурилди. Унинг 23 таси Экошаҳарда эди.
– Мен Президентнинг Фарғона вилоятига қўйган уч ҳайкали ҳақида гапирмоқчиман, – дейди Турсунхўжа Абдураҳмонов. – Биринчиси, бу Фарғонадаги Экошаҳардир. Унинг ўрни тошлоқ дашт эди. 3-4 йилда 200 минг аҳоли яшайдиган уй-жой, мактаб, шифохона, кенг кўчалар, фонтану боғлар барпо бўлди. Албатта, булар Президент топшириғи билан қурилган. Аммо топшириқни чин дилдан, фидойилик ва ватанпарварлик билан бажарганларнинг меҳнатини ҳам эътироф этиш керак.
Ўзбекистон дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган юрт. Унинг буюк даҳолари умуминсоният фани ва маънавиятини яратишда пешқадам бўлган. Мамлакатнинг сўнгги йиллардаги тарихи янги ренессансга пойдевор бўлди.
– Яқинда Тошкентда Ислом цивилизация маркази, Самарқандда Имом Бухорий мажмуасини бориб кўрдик. Мен кўп жойларда бўлганман. Аммо бунақасини кўрмаган эдим. Ҳайратда қолдим, – дейди Турсунхўжа Абдураҳмонов. – Президент юртимиздаги улуғлар, алломалар номини шарафлашга, илмни юксалтиришга катта эътибор беряптилар. Фарғона мисолида айтсам, бу ерда Бурҳониддин Марғиноний илмий мажмуаси қурилди. Бу зот яратган асарларни ислом олами ўрганади. Марғилон ўзи катта бир шаҳар. Энди Марғилон ичида яна битта янги Марғилон пайдо бўлибди. Меъморчилик қайта тикланибди. Бу Президентимизнинг Фарғонага қўйган иккинчи ҳайкаллари, деб ўйлайман.

Марғилонда очилган “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий мажмуаси миллий қадриятлар ва тарихимизни дунёга намоён этадиган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Бу йил Ўзбекистон футбол терма жамоаси илк бор жаҳон биринчилигида иштирок этади. Аммо бунга эришиш осон кечмади. Аввало, Ўзбекистонда футбол оммавий спорт турига айланди.
– Оиламда 4 та фарзанд, 12 та невара, яна чевараларим ҳам бор. Биз футболга қизиқамиз. Баъзан ўзаро бўлиниб футбол ўйнаб турамиз, – дейди Турсунхўжа Абдураҳмонов. – Қаранг, Президент қишлоқ хўжалиги, саноат, инвестиция, дунё сиёсати, ёшлар, бандликни таъминлашга алоҳида эътибор бераётганларини кўриб турибмиз. Шулардан ортиб футболни ривожлантиришни ҳам муҳим масала деб ҳисоблайдилар.
Испанияга борганимда Барселона стадионида Месси олган иккита “Олтин тўп” кўргазмага қўйилганини кўрдим. Ва орзу қилдим, қачон биздан мессилар чиқар экан, деб. Мана энди Президентнинг футболни ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорлари туфайли Ўзбекистон футболи дунёга чиқди. Абдуқодир Ҳусанов Англияда ўйнаяпти. Фарғонанинг “Нефтчи” клубини қаранг. У ўтган йили чемпион бўлди. Футбол академияси ташкил этилди Фарғонада.

“Нефтчи”нинг чемпион бўлгани Президентнинг Фарғонага қўйган учинчи ҳайкали, деб ҳисоблайман.
Турсунхўжа Абдураҳмонов ҳақ гапни айтдилар. Сўнгги йилларда Янги Фарғонага янги ҳайкаллар ўрнатилди. Даврлар ўтар, улар бугуннинг залворли тарихидан гувоҳлик берувчи ва шу йилларнинг ватанпарвар инсонлари фаолиятини акс эттирувчи обидалар бўлиб қолаверади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/0F3aG6lDc2g" title="Yangi Farg`onaga qo`yilgan "uch haykal"" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео,сурат), ЎзА