Бахмалда уч авлод мулоқоти
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
9 май юртимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида инсон қадрини улуғлаш, аждодлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш, тинчлик ва осойишталик неъматининг қимматини англаш руҳида кенг нишонланади. Бу сана нафақат тарихий хотирани тиклаш, балки бугунги авлод қалбида Ватанга садоқат ва масъулият туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим маънавий омилдир.

Мазкур йўналишда давлат сиёсати изчил ва аниқ мақсадга қаратилган. Хусусан, мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш кунини муносиб ўтказиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб турмуш шароитларини таъминлаш бўйича Президент фармон ва қарорлари қабул қилиниб, изчил амалга оширилмоқда. Бу ҳужжатлар асосида фахрийларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, эҳтиром ва эътиборни янада кучайтириш давлат ва жамиятнинг устувор вазифасига айланган.
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” тадбири ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди. Чегарачи қаҳрамон Қутлуғжон Раҳмонов таҳсил олган 3-умумтаълим мактабида ташкил этилган мазкур учрашув авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни мустаҳкамлаш, ёшларда ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини шакллантиришга хизмат қилди.

Тадбирда Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси вакиллари, нуронийлар, ўрта авлод ва ёшлар иштирок этди. Суҳбатлар давомида нуронийлар ўз ҳаётий тажрибалари, уруш ва меҳнат йилларидаги сабоқлар, тинчликнинг бебаҳо неъмат экани ҳақида самимий фикрларини баён этдилар. Улар ёшларни Ватанга садоқатли бўлишга, тарихни унутмасликка, тинчлик қадрини чуқур англашга чақирдилар.
Учрашув марказида эса Қутлуғжон Раҳмоновнинг жасорати ва фидойилиги ҳақидаги хотиралар турди. Унинг Ватан ҳимояси йўлидаги матонати, юртга муҳаббати ёшлар учун ибрат мактаби сифатида эътироф этилди. Бу каби учрашувлар қаҳрамонлар хотирасини абадийлаштириш билан бирга, янги авлод қалбида миллий ғурур ва масъулият ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида ўқувчилар томонидан ижро этилган шеърлар ва ватанпарварлик руҳидаги чиқишлар йиғилганларга алоҳида таъсир кўрсатди. Қаҳрамон хотирасига гуллар қўйилиб, эҳтиром бажо келтирилди.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, инсон қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалдаги ифодасидир. Зеро, хотира бор жойда — қадр бор, қадр бор жойда эса инсон шаъни улуғланади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА