Янги даврнинг аниқ марралари
Муносабат

Мамлакатимиз раҳбари мустақиллик тарихини халқимизнинг уч минг йилдан зиёд давлатчилик анъаналари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, буюк алломаларимизнинг илмий мероси, жадид боболаримизнинг озодлик ва маърифат ҳақидаги орзу-интилишлари билан узвий боғлади. Бу ёндашувнинг чуқур маъноси бор.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ўтган тарихий йўлнинг сарҳисоби ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичини белгилаб берган муҳим дастурий чиқиш бўлди. Унда истиқлолнинг тарихий мазмуни, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ва, энг муҳими, келгуси ўн йилликда мамлакатимиз қандай тараққиёт моделига ўтиши аниқ йўналишлар билан кўрсатиб берилди.
Мустақиллик фақат сиёсий суверенитет эмас, балки миллатнинг ўз тарихига, тилига, маданиятига, қадриятларига ва келажагини мустақил белгилаш ҳуқуқига қайтишидир. Айниқса, бугунги глобаллашув шароитида ёш авлодда миллий ўзликни англаш билан замонавий тафаккурни уйғун шакллантириш ниҳоятда муҳим.
Давлат раҳбари нутқининг энг муҳим жиҳатларидан бири – инсон қадри масаласининг яна бир бор давлат сиёсатининг марказий мезони сифатида белгиланганидир. Кейинги йилларда амалга оширилган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг натижаси оддий инсон ҳаётида қай даражада сезилаётгани тараққиётнинг асосий ўлчовига айланмоқда. Камбағалликни очиқ тан олиш ва уни қисқартириш, эҳтиёжманд оилалар билан “маҳаллабай” ишлаш, уларнинг даромади, касби, саломатлиги, таълими ва турмуш шароитини бир бутун ҳолда кўриб чиқиш ана шу инсонпарвар сиёсатнинг амалий кўринишидир. Бунинг исботи ўлароқ, юртимизда камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга тушди.
Маҳаллий Кенгаш депутати сифатида бу масалага алоҳида эътибор қаратишимиз зарур деб ҳисоблайман. Чунки давлат сиёсатининг натижаси энг аввало ҳудуд, туман ва маҳаллада кўринади. Ҳар бир рақам ортида инсон тақдири, оила фаровонлиги ва эртанги кунга бўлган ишонч туради. Шунинг учун депутатлик фаолиятида аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, бандлик, касб-ҳунар, ижтимоий ҳимоя, тиббий хизмат ва таълим билан боғлиқ муаммоларни маҳалланинг ўзида ўрганиш, уларнинг ечимини Кенгаш муҳокамасига олиб чиқиш бундан кейин ҳам устувор вазифамиз бўлиши керак.
Президентимиз нутқида таълим, илм-фан ва инсон капитали масаласига берилган ўрин алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги дунёда мамлакатнинг энг катта бойлиги табиий ресурсларнинг кўплиги билан эмас, билимли, мустақил фикрлайдиган ва янги технологияларни яратишга қодир инсонлари билан белгиланмоқда. Хусусан, келажак касбларини пухта эгаллаган янги авлод мутахассисларини тайёрлаш зарурлиги, олий таълимдаги талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етгани, уларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани қайд этилди.
Айниқса, келгуси йилларда камида 10 та Ўзбекистон университетини дунёнинг “ТОП-1000” олийгоҳлари қаторига киритиш вазифаси олий таълим тизими учун жуда катта масъулият юклайди. Бу мақсад фақат рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш билан чекланмайди. Бунинг учун таълим сифати, илмий тадқиқот, халқаро ҳамкорлик, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти, хорижий тилларни билиш даражаси, инноватсиялар ва илмий натижаларни амалиётга жорий этиш тизими тубдан янги босқичга чиқиши керак.
Нутқда ёшларни ахборот коммуникация технологиялари, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва келажак касбларига кенг жалб этиш, 10 миллион ёшни рақамли индустрия билан боғлаш мақсади илгари сурилгани ҳам бежиз эмас. Ўзбек тилининг рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тилга айланиши ҳақидаги фикр эса биз, зиёлилар ва олий таълим вакиллари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Эндиликда ўзбек тилида сифатли илмий адабиётлар, замонавий терминология, рақамли таълим ресурслари ва илмий контент яратиш масаласи маънавий вазифа билан бирга тараққиёт эҳтиёжига айланмоқда.
Юртимиз етакчиси томонидан келгуси тараққиётнинг еттита миллий дастури белгилаб берилгани ушбу нутқнинг энг муҳим дастурий жиҳати бўлди.
Биринчи йўналиш – билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш. Мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача бўлган узлуксиз тизимда сифатга ўтиш, техникумларда халқаро стандартларни жорий қилиш ва ёшларни юқори даромадли касбларга тайёрлаш вазифаси белгиланди.
Иккинчи йўналиш – халқ саломатлиги ва узоқ умр кўришини таъминлаш. Тиббиётда касалликни даволашдан кўра унинг олдини олишга асосланган профилактик моделга ўтиш, давлат тиббий суғуртасини барча хонадонларга олиб кириш, замонавий тиббиёт, фарматсевтика ва биотехнологияларни ривожлантириш режалаштирилмоқда. Бу ёндашув инсон саломатлигини мамлакатнинг стратегик капитали сифатида баҳолашни англатади.
Учинчи йўналиш – юқори технологияли ва юқори меҳнат унумдорлигига асосланган иқтисодиёт. Келгуси ўн йилда 450 миллиард доллардан иборат хорижий инвеститсияни жалб қилиш, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотни 300 миллиард долларга етказиш ва саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш каби катта марралар белгиланди. Бундай иқтисодий тараққиёт ҳудудлардан ҳам ташаббускорлик, инвеститсион жозибадорлик ва замонавий кадрларни талаб қилади. Наманган вилоятида ҳам ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, кичик ва ўрта бизнес ҳамда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш билан таълим муассасалари фаолиятини янада яқин боғлашимиз лозим.
Тўртинчи миллий дастур – сув ва табиат. Бу масала Наманган аҳли учун ҳам ниҳоятда долзарб. Сув ресурсларига муносабатни тубдан ўзгартириш.дан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш фақат экологик масала эмас, балки келажак авлодлар олдидаги масъулиятимиздир. Президентимизнинг “Табиатга муносабат – халқнинг маданияти” деган фикри экологик масъулиятни жамият маданиятининг ажралмас қисми сифатида тушунишимиз зарурлигини кўрсатади. Яқин йилларда шаҳар ва туман марказларида яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш вазифаси белгиланиши маҳаллий Кенгашлар, жамоатчилик ва таълим муассасалари ҳамкорлигини янада кучайтиришни талаб этади.
Бешинчи йўналиш – қонун устуворлиги ва адолатни умумий қадриятга айлантириш. Ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини кафолатлаш, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик, одам савдоси, яширин иқтисодиёт, шунингдек, аёллар ва болалар ҳуқуқларини камситишга қарши курашни кучайтириш вазифалари белгиланди. Депутатлар олдида қонунларнинг ҳудудларда қандай ишлаётганини ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини эшитиш ва вакиллик назоратини кучайтириш бўйича катта вазифа турибди.
Олтинчи йўналишнинг маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга бағишлангани маҳаллий вакиллик органлари учун айниқса муҳим. Эндиликда туман буджети, инвеститсия дастурлари ва инфратузилма лойиҳаларини маҳалла эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантириш назарда тутилмоқда. Демак, депутат фаолияти ҳам аҳоли муаммоларини юқорига етказиш билангина чекланмасдан, маҳалладаги эҳтиёжларни аниқ ўрганиш, устуворликларни белгилаш ва буджет маблағларининг натижадорлигини назорат қилишга кўпроқ йўналтирилиши керак.
Еттинчи йўналиш – Ўзбекистоннинг тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик диёри сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш. Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 диний конфессия вакиллари аҳил яшаётган мамлакатимиз учун миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик бебаҳо ижтимоий капиталдир. Бу муҳитни асраш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Айниқса, ёшларни турли ёт ва радикал ғоялардан ҳимоя қилишда таълим, маҳалла, оила ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Менимча, нутқнинг энг катта аҳамияти шундаки, унда тараққиёт фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчанмаяпти. Билимли авлод, соғлом инсон, адолатли жамият, фаровон маҳалла, экологик масъулият, замонавий иқтисодиёт ва тинчликпарвар давлат — булар ягона тараққиёт моделининг ўзаро боғланган қисмлари сифатида қаралмоқда.
Эндиги вазифа ушбу улкан мақсадларни ҳар бир ҳудуд, ҳар бир туман ва ҳар бир маҳалла ҳаётига олиб киришдан иборат. Наманганда ҳам янги иш ўринлари яратиш, ёшларнинг сифатли таълим ва касб-ҳунар олишини қўллаб-қувватлаш, илм-фан билан ишлаб чиқариш интегратсиясини кучайтириш, экологик маданиятни юксалтириш, сувдан оқилона фойдаланиш, маҳаллаларнинг ташаббускорлигини ошириш ва аҳолининг давлат органларига ишончини мустаҳкамлаш бўйича олдимизда катта вазифалар турибди.
Депутат сифатида халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк бўлиш, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни Кенгаш даражасида кўтариш ва уларнинг ижросини назорат қилишни муҳим вазифам деб биламан. Педагог ва олим сифатида эса ёшларнинг фақат билимли эмас, балки Ватан тақдири учун масъулиятни ҳис қиладиган, мустақил фикрлайдиган, янгилик яратишга интиладиган етук инсонлар бўлиб камол топишига ҳисса қўшишимиз зарур.
Давлатимиз раҳбарининг “Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!” деган фикри айнан мана шу умумий масъулиятни ифодалайди.
Истиқлолимизнинг шонли 35 йиллиги биз учун фақат ўтган йўл билан фахрланиш санаси эмас. У янги мақсадларни белгилаш, эришилган натижаларга танқидий баҳо бериш ва келажак олдидаги масъулиятимизни чуқурроқ англаш давридир. Бугун олдимизда турган вазифалар катта. Аммо халқ, давлат, маҳалла, таълим ва жамоатчилик ягона мақсад йўлида бирлашса, бу марраларга эришиш учун барча имкониятларимиз мавжуд.
Муҳаммаджон Алихонов,
халк депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати,
Наманган давлат техника университетининг кафедра мудири,
ЎзА