Ижодкорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг кенгайтирилган умумий бошқарув йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ижодий лойиҳалар, кўргазмалар, пленерлар, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудий бўлимлар фаолиятини такомиллаштириш ҳамда тасвирий санъатни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, академик Акмал Нур сўзга чиқиб, Бадиий ижодкорлар уюшмасининг бугунги фаолияти, эришилган ютуқлар ва мавжуд камчиликлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, тадбирда Президентимизнинг 2026 йил 2 июндаги “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Хусусан, соҳада истеъдодларни юзага чиқаришнинг янги тизимини жорий этиш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кенгайтириш, соҳа вакилларининг ижтимоий таъминотини мустаҳкамлаш, таълим тизимини такомиллаштириш, шунингдек, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида ташкил этиладиган ижодий бирлашмаларнинг фаолият йўналишлари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Тасвирий санъат соҳасидаги ижодий бирлашмалар фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, уларнинг ишини тизимли йўлга қўйиш ҳамда Президент ҳужжатларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб фаолият самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, тасвирий санъат ижодий бирлашмаси фаолиятини Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси фаолиятига уйғунлаштириш, унинг ишини замонавий талаблар ва белгиланган устувор вазифалар асосида ташкил этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Йиғилишда уюшма аъзолари ҳам сўзга чиқиб, соҳани ривожлантириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уюшма фаолиятини янада такомиллаштириш ва ижодий бирлашмалар ишини самарали ташкил этиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Муҳокамалар якунида Тасвирий санъат ижодий бирлашмаси фаолиятини ташкил этиш ва унинг ишини янги талаблар асосида йўлга қўйиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишиб олинди. Йиғилишда белгиланган вазифалар тасвирий санъат соҳасида ижодий муҳитни янада ривожлантириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш ҳамда Бадиий ижодкорлар уюшмаси фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА