Янги давр олий дипломатияси
Давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши. ЎзА ушбу рукн орқали ҳафта давомида ўтказилган олий даражадаги дипломатик мулоқотлар тафсилотини тақдим этади.

Ўзбекистон – Қирғизистон
30 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўртасида тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари сезиларли даражада ривожланганини қайд этди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларга етгани, 450 та қўшма корхона ташкил этилгани таъкидланди.
Музокаралар якунида савдо, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, саноат кооперацияси ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Туркия – Ливан
30 июль куни Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Ливан Президенти Жозеф Аунни қабул қилди. Икки давлат ўртасидаги муносабат, Ливаннинг ҳудудий яхлитлиги ва Яқин Шарқдаги минтақавий вазият муҳокама қилинган учрашувда Ливан ва Сурия ўртасидаги мулоқот ривожланиши умумий манфаатга хизмат қилиши қайд этилди. Туркия томони икки давлат муносабатини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Ливан жанубида фаолият юритаётган БМТнинг муваққат тинчликпарвар кучлари (UNIFIL) мандати якунлангандан кейин ҳудудда хавфсизликни таъминлаш ва Ливан суверенитетини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларда иштирок этиш нияти маълум қилинди. Туркия Ливан Қуролли кучларига хавфсизлик соҳасида кўмак беришда давом этишини билдирди.

Марказий Осиё
31 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда минтақавий ҳамкорлик, сиёсий мулоқот ва ўзаро алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича фикр билдирилди. Учрашув якуни бўйича Чўлпон-Ота декларацияси қабул қилинди. Ҳужжатда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва транспорт алоқаларини кенгайтириш, шунингдек минтақавий барқарорликни таъминлашга қаратилган устувор йўналишлар белгилаб берилган.
Фардона Яхшибоева, ЎзА