Уч нафар фарзанднинг онасига алимент ўрнига хонадон берилди
Фарзандлар таъминоти ва келажаги учун масъулиятни ҳис этиш, уларнинг муносиб шароитда улғайишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Андижон шаҳрида алимент тўловлари билан боғлиқ ижро иши доирасида ота уч нафар вояга етмаган фарзандининг келажагини ўйлаб, алимент ўрнига хонадонни уларнинг онаси номига расмийлаштириб берди.
Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2021 йил 17 сентябрдаги суд буйруғига асосан, қарздор Д.Ш.дан ундирувчи Д.Б. фойдасига уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлими томонидан мазкур ижро ҳужжати юзасидан тегишли ижро ҳаракатлари олиб борилиб, алимент тўловлари ундириб келинган. Қарздор Д.Ш. эса 96 миллион сўм алимент тўловларини амалга ошириш билан бирга, фарзандларининг келажаги учун узоқ муддатли ва барқарор ечимни таклиф этди.
Томонлар ўзаро келишувга эришгач, Д.Ш. уч нафар фарзанди вояга етгунига қадар тўланиши лозим бўлган алимент пуллари ўрнига Андижон шаҳрининг 1-кичик даҳасида жойлашган кўп қаватли уйлардан икки хонали хонадонни ундирувчи Д.Б. номига расмийлаштириб берди.
Мазкур келишув фарзандларнинг келажаги ва яшаш шароитини яхшилашга қаратилган амалий қадам бўлди. Зеро, болаларнинг моддий таъминоти билан бир қаторда, уларнинг барқарор яшаш муҳитига эга бўлиши ҳам муҳим.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА