Янги бинога эга маҳаллалар сони кўпаймоқда
Кармана туманида “Osiyo grand” МЧЖ томонидан давлат-хусусий шерикчилик асосида Мирсаид Баҳром маҳалласи биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда туман секторлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фуқаролари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбир аввалида сўзга чиққанлар юртимизда маҳаллалар фаолиятини янада ривожлантириш, тизимда меҳнат қилаётган ходимлар учун яратиб берилаётган шароитлар, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасидаги ишлар “Инсон қадри учун” тамойилига асосан амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

– Биномизнинг фойдаланишга топширилиши бизни жуда қувонтирди, – дейди маҳалла раиси Шокир Каримов. – Маҳалламиздаги 503 та хонадонда 2705 нафар аҳоли истиқомат қилади. Янги бинода ходимларнинг иш олиб бориши учун барча шароит ва қулайлик мавжуд. Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бу каби имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда аҳолимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, ишсизлик даражасини камайтириш учун бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.
Тадбир иштирокчилари “маҳалла еттилиги” фаолият кўрсатиши учун бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири