Сурхондарёда пахта терими бошланди
Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманидаги “Омад” фермер хўжалиги далаларида пахта йиғим-теримига киришилди.
Бу йил хўжалик деҳқонлари 25 гектар майдонда хорижнинг эртапишар, серҳосил навли чигитини қўшқатор усулда экиб, меҳр билан парваришлади. Баҳор инжиқ, ёз фасли ўтган йилларга нисбатан иссиқ келган йилда пахтакорлар омилкорлик билан иш юритди. Ғўза қатор оралари бегона ўтлардан тозаланиб, чопиқ қилинди. Вақтида суғорилиб, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилди. Мўл ҳосил тўпланди. Пишиб, етилган хомашёни исроф қилмай йиғиб олиш учун пахта даласида теримчиларга барча шароит яратилди.

Тажрибали фермер мавсумда ҳар гектар майдондан ўртача 50 центнердан ҳосил олишни мўлжалламоқда.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, жорий йил бандихонлик пахтакорлар уч минг гектар майдонда ғўза парваришламоқда. Ҳосилни ўз вақтида сифатли йиғиб-териб олиш учун 43 та терим отряди шакллантирилиб, мавсумга беш мингдан ортиқ теримчи жалб этиш режалаштирилган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири