Якуний ҳужжатсиз якунланган конференция
Ўтган ҳафта Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (ЯҚТШ) томонлари иштирокида навбатдаги конференция бўлиб ўтди. Мазкур тадбир кетма-кет учинчи йилдирки, якуний ҳужжатсиз ўтказилмоқда.
АҚШ Давлат департаменти ушбу ҳужжатга муносабатини қуйидаги мазмунда билдирди:
- Қўшма Штатлар ЯҚТШ ва битимнинг уч устуни: ядро қуролини тарқатмаслик, қуролсизланиш ва ядро энергиясидан тинч мақсадда фойдаланишга содиқ қолади.
Бу ҳақда Давлат департаменти вакили Томми Пиготт баёнот берди. У шартнома атрофлича муҳокама қилиниши назарда тутилган анжуман қатнашчилари якуний ҳужжат ишлаб чиқа олмаганидан афсусдалигини ҳам қўшимча қилган. Пиготт айни ҳолат Эрон бўйича келишмовчилик билан боғлиқлигига ишора қилди. Шунингдек, Қўшма Штатлар айрим ЯҚТШга аъзо давлатлар Эроннинг глобал миқёсда қурол тарқатмаслик ҳаракатига таҳдид солаётганига жиддий қарамаётганидан хавотир билдирди.
С.Раҳимов, ЎзА