Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз
Навоий кон-металлургия комбинати таркибидаги ишлаб чиқариш бўлинмаларида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар юқори савияда ташкил этилмоқда.
Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир Салим Ашур ҳамда филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовлар Шимолий кон бошқармаси, “Ауминзо – Амантой” кони, 6- ва 7-гидрометаллургия заводларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар билан учрашувлар ўтказди.


Учрашувларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишлари, давлат мустақиллигининг тарихий аҳамияти, миллий адабиётнинг инсон маънавиятини юксалтиришдаги ўрни, китобхонлик маданиятини шакллантириш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Ижодкорлар томонидан Ватан, мустақиллик, тинчлик ва халқлар дўстлигини тараннум этувчи шеърлар ҳамда самимий фикр-мулоҳазалар йиғилганларга катта таассурот қолдирди.

– Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларда иқтисодий тараққиёт билан бир қаторда инсон маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни Ватанга садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Шу нуқтаи назардан, ишлаб чиқариш жамоаларида маънавий-маърифий мулоқотларни мунтазам ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга, – дейди 7-гидрометаллургия заводи кадрлар бўлими мутахассиси Ашур Алиев. – Корхонамизда бугун ташкил этилган ижодий учрашув жуда мазмунли ва қизиқарли ўтди. Машаққатли меҳнатдан кейин бундай мулоқотлар жамоамизга кўтаринки кайфият ва келажакка ишонч бағишлайди.


Тадбирлар давомида меҳмонлар комбинатнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишди. Улар мутахассислар ҳамроҳлигида тоғ жинсларини қазиб олиш ва ташиш ишлари, замонавий кончилик техникаси ҳамда ишлаб чиқаришда жорий этилаётган илғор технологияларни кўздан кечирди.

Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган бундай маънавий-маърифий тадбирлар меҳнат жамоаларида юксак маънавий муҳитни қарор топтириш, миллий бирлик ва халқлар дўстлиги ғояларини мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатимиз тараққиётига дахлдорлик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири