Вазир Самарқандда сайёр қабул ўтказди
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримованинг навбатдаги сайёр қабули Самарқанд шаҳрида ўтказилди.
Янги ўқув йили олдидан таълим муассасалари раҳбар ва педагоглари, тадбиркорлик субъектлари ва ота-оналарнинг мурожаатларини эшитиш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш мақсадида ташкил этилган қабулда вилоятга мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари, жамоатчилик вакиллари ўз мурожаат ва таклифларини билдирди.

Хусусан, нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш, боғча фаолиятини кенгайтириш, педагогларнинг меҳнат муносабатлари, иш билан таъминлаш, таълим муассасаларидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари, таълим ташкилотлари директорларининг мансаб ваколатларига доир 30 дан ортиқ мурожаат қайд этилди. Ҳар бир мурожаат вазир бошчилигида атрофлича ўрганилиб, қонуний ечим топишга эътибор қаратилди. Натижада, 7 та масала ижобий ҳал этилди, 5 таси бўйича зарур тушунтириш берилди, қолган мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Қабулдан сўнг мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова вилоятдаги таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари ҳамда бир қатор мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти билан танишди.

Жумладан, инклюзив таълим йўналиши бўйича таянч боғча бўлиши белгиланган Самарқанд шаҳридаги 67-давлат мактабгача таълим ташкилотида имконияти чекланган болалар учун тўсиқсиз ва қулай муҳит яратиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳамда таълим сифати ва қамровини ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди. Бу ерда инклюзив таълимнинг илғор тажрибалари жорий этилиб, педагоглар малакасини ошириш, методик қўллаб-қувватлаш ва бошқа мактабгача таълим ташкилотлари учун намунавий амалиёт майдони яратилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири