Ягона ватан тинчлиги — барчамизнинг муқаддас бурчимиз
Мустақиллик — халқимизнинг миллий давлатчилиги, эркин ва фаровон ҳаёти, тинчлиги ҳамда келажагини ўз қўли билан бунёд этиш ҳуқуқининг буюк тимсолидир. Истиқлол туфайли халқимиз ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий қадриятларини тиклаш, Ватан равнақи йўлида эркин меҳнат қилиш ва келажак авлодлар учун муносиб ҳаёт барпо этиш имкониятига эга бўлди.
2026 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган бош ғоя остида кенг нишонланмоқда. Ушбу эзгу ғоя бугунги кунда ҳар бир юртдошимиз, айниқса, Ватан тинчлиги, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдек шарафли вазифани адо этаётган ҳарбий хизматчилар учун алоҳида мазмун касб этади.
Тинчлик — мустақилликнинг энг бебаҳо неъмати. Мустақиллик ҳақида сўз юритганда, аввало, унинг энг буюк неъматларидан бири — тинч ва осойишта ҳаёт эканини чуқур англашимиз лозим. Чунки тинчлик бўлмаган юртда тараққиёт ҳам, бунёдкорлик ҳам, инсоннинг эртанги кунга ишончи ҳам бўлмайди.
Бугунги мураккаб геосиёсий вазият, дунёнинг турли ҳудудларида содир бўлаётган қуролли можаролар, терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик, ахборот таҳдидлари ва бошқа хавф-хатарлар тинчлик ва барқарорликни асраш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини кўрсатмоқда.
Шу маънода жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш — оддий хизмат вазифаси эмас. Бу мустақилликни, халқ осойишталигини ва давлат барқарорлигини ҳимоя қилишнинг амалий ифодасидир. Ҳар куни кўчаларимизда, хиёбон ва жамоат жойларида, оммавий тадбирларда, муҳим объектларда хизмат олиб бораётган ҳарбий хизматчилар фаолиятининг замирида ана шу улуғ мақсад мужассам.
Ҳарбий хизматчи — халқ осойишталигининг ишончли посбони. Ватан ҳимояси фақат давлат чегараларини қўриқлаш билангина чегараланмайди. Фуқароларнинг кундалик ҳаётида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, зарур вазиятларда инсонга кўмак бериш ҳам Ватанга хизматнинг муҳим кўринишидир.
Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиларининг жамоат тартибини сақлаш борасидаги фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Жамоат тартибини сақлаш хизматини олиб бораётган ҳарбий хизматчи турли вазият ва турли характердаги инсонлар билан мулоқот қилади. Баъзан биргина вазмин сўз, холис муносабат, фуқарони диққат билан тинглаш ёки ўз вақтида кўрсатилган ёрдам мураккаб вазиятнинг кескинлашишига йўл қўймаслиги мумкин. Шунинг учун замонавий ҳарбий хизматчидан нафақат жисмоний ва жанговар тайёргарлик, балки юксак ҳуқуқий маданият, касбий этика, психологик барқарорлик, ҳушёрлик, мулоқот маданияти ва масъулият ҳам талаб этилади.
Ҳарбий хизматчининг фуқарога қилган ҳар бир мурожаати, унинг муомала маданияти, вазминлиги ва холислиги аҳолининг нафақат бир ходимга, балки бутун тизимга бўлган ишончига таъсир кўрсатади. Демак, жамоат тартибини сақлашда «халқ билан бирга ва халқ манфаатлари йўлида хизмат қилиш» тамойили ҳар бир ҳарбий хизматчининг касбий фаолиятида устувор аҳамият касб этиши лозим.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган бош ғоядаги «Ягона Ватан» тушунчаси ҳарбий хизматчи учун, энг аввало, Ватанга садоқат маъносини англатади. «Ягона халқ» тушунчаси эса миллати, тили, дини, ёши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг тинчлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонуний манфаатларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш масъулиятини ифодалайди.
Ҳарбий хизматчи хизмат вақтида одамларни «бегона» ва «ўзиники»га ажратмайди. Унинг учун Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси — ягона Ватанимизнинг вакили. Ҳар бир инсоннинг хавфсизлигини таъминлаш эса хизмат бурчининг ажралмас қисмидир. Ана шундай ёндашув ҳарбий хизматчининг халқ билан муносабатини мустаҳкамлайди, жамиятда қонунийлик ва адолатга ишончни оширади.
Жамоат тартиби оддийгина кўча ва жамоат жойларида белгиланган қоидаларга риоя этилишини англатмайди. У жамиятдаги барқарорлик, қонун устуворлиги, фуқароларнинг ўзини хавфсиз ҳис қилиши ва давлатга бўлган ишончи билан чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли жамоат тартибини сақлаш хизматида профилактик ёндашув алоҳида аҳамиятга эга. Ҳуқуқбузарлик содир бўлгандан кейин унга муносабат билдириш билан бир қаторда, унинг юзага келишига сабаб бўлувчи омилларни олдиндан аниқлаш ва салбий ҳолатларнинг олдини олиш замонавий хизмат фаолиятининг муҳим мезонидир. Бунинг учун ҳарбий хизматчи хизмат ҳудудидаги вазиятни тўғри баҳолаши, одамларнинг хатти-ҳаракатидаги ўзгаришларни кузата билиши, зиддиятли ҳолатларни ўз вақтида англаши ва вазиятга мутаносиб чораларни кўриши зарур.
Айниқса, оммавий тадбирлар, байрам тантаналари, гавжум жойлар ва бошқа алоҳида шароитларда хизмат олиб бораётган ходимдан юқори даражадаги ҳушёрлик, тезкор фикрлаш, ўзини бошқара олиш ва жамоа билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш талаб этилади. Бугунги кунда жамоат хавфсизлигини фақат куч ва маъмурий чоралар билан таъминлаш мумкин эмас. Бунда фуқаролар билан самарали мулоқот ва ўзаро ишонч муҳим ўрин тутади.
Зеро, халқнинг ишончи — жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимининг энг муҳим маънавий таянчларидан биридир.
Мустақиллигимиз абадий, Ватанимиз тинч, халқимиз ҳамиша бирдам бўлсин!
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизиги
университети кафедра профессори,
психология фанлари доктори (DSc)
М.Л.Саипова